14 апрель куни Осиё Чемпионлар лигаси доирасида «Пахтакор» жамоаси ўз иштирокини бошлади. «Б» гуруҳидан жой олган Ўзбекистон жамоаси дастлабки учрашувини Эроннинг «Трактор» клубига қарши ўтказди. Жанговар кечган баҳсда 3:3 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди.

Иккинчи бўлим бошида табризликлар тезкор икки гол уришга эришишди. Анзур Исмоиловнинг қўлига тўп теккани учун белгиланган пенальтидан Дежага унумли фойдаланди. 56-дақиқада Қувватов билан бирга-бир чиқиб борган Аббосзода кучли зарба билан орадаги фарқни оширди. 69-дақиқада Ҳожимат Эркиновдан тўпни қабул қилиб олган Драган Черан 16 метрлардан дарвозани аниқ нишонга олди. 75-дақиқада Фаррух Сайфиев узатган тўпдан кейин Шароф Муҳиддинов 25 метрлардан тўпни дарвозага жойлади — 2:2. 82-дақиқада тўп учун охиригача курашган Эркинов «Пахтакор»ни олдинга олиб чиқди. 85-дақиқада тошҳкентликлар дарвозаси томон белгиланган иккинчи пенальтидан Аббосзода фойдаланди ва баҳс 3:3 ҳисобида якунланди.

Ўйиндан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжумани «Пахтакор» жамоаси бош мураббийи Питер Хюистра учрашув ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Фото: «Пахтакор» матбуот хизмати

«Биринчи бўлимда ўйин асабий кечди. Баҳсга киришиб кетишимиз бироз вақт олди. Иккинчи бўлимда иккита тезкор гол ўтказганимиздан сўнг ўз ўйинимизни намойиш қила бошладик. Афсуски, яна пенальтидан тўп ўтказиб юбордик. Ғалабани қўлдан чиқарганимиз ёмон, аммо 0:2 дан кейин ўйинга қайтдик. Шу сабабли дуранг жуда ёмон натижа эмас.

Ғалаба қозонишга яқин эдик, бироқ хатодан сўнг дарвозамизга иккинчи пенальти белгиланди. Балки, бу навбатдаги ўйинлар учун фойдали бўлар. Хатолардан хулоса чиқарамиз, шунга яраша тайёргарлик кўрамиз", — дейди Хюистра.

Шунингдек, бугун Олмалиқнинг АГМК жамоаси Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги дастлабки учрашувни ўтказади. Марказлашган тарзда Саудия Арабистонида ўтказиладиган ушбу ўйинда олмалиқликларга мезбон «Ал Ҳилол» жамоаси рақиблик қилади. Учрашув соат 23:55 да бошланади.