Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилишида Ўзбекистон Суперлигаси 5-тури доирасидаги «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувида юзага келган тартибсизликлар масаласи кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда ЎФA матбуот хизмати.

«Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашуви вақтида «Навбаҳор» футбол клуби ишқибозлари мухлислик маданиятидан четга чиқиб, стадионга турли буюмларни улоқтириб, тартибсизликлар келтириб чиқаргани ҳамда жамоа расмийлари томонидан стадионда ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги сабабли ЎФА интизом кодексига мувофиқ «Навбаҳор» футбол клуби навбатдаги иккита уй учрашувини томошабинларсиз ўтказадиган бўлди.

«Далиллар ва видеоларга кўра, учрашув давомида ҳар икки жамоанинг айрим расмийлари техник зонани бир неча маротаба тарк этиб, бош ҳакамга қўпол тарзда эътироз билдирган ҳамда учрашувнинг 90-дақиқасида бош ҳакам VAR мониторидан фойдаланиши вақтида унинг иш фаолиятига ҳалал берган. Учрашувнинг сўнгида „Навбаҳор“ футбол клуби мухлислари учрашув расмийларини ҳақорат қилган, шунингдек, майдонга турли буюмлар улоқтиришган ва ЎзМТРКга тегишли кўчма телевизион станцияга ҳужум қилиб, унга жиддий зарар етказишган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, «Навбаҳор» футбол клуби техник директори Мустафо Байрамов, дарвозабонлар мураббийи Павел Синелников стадионда тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар содир этгани, жамоа маъмури Aбдурауф Ғуломов учрашув якунида рақиб жамоа футболчилари майдонни тарк этаётган вақтда нопрофессионал тарзда уларни жуда қўпол сўзлар билан ҳақорат қилгани учун уларга нисбатан клуб томонидан ички интизом чорасини қўллаш тўғрисида «Навбаҳор» футбол клубига ёзма тақдимнома киритилган.

Учрашув вақтида «Пахтакор» футбол клуби расмийлари томонидан техник зонани бир неча бор тарк этиб, стадионда тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлган ножўя хатти-ҳаракатлари содир этилгани, жамоа расмийлари ва айрим футболчилари учрашув бош ҳакамини бир неча марта номаъқул сўзлар билан ҳақорат қилгани учун «Пахтакор» футбол клубига нисбатан ЎФА интизом кодексига мувофиқ жарима интизом чораси қўлланилди.