15 апрелдан 16 апрелга ўтар кечаси Олмалиқнинг АГМК жамоаси марказлашган ҳолда ўтказилаётган ОЧЛ гуруҳ босқичидаги юришини бошлади. «А» гуруҳидаги 1-тур ўйинини «Ал Ҳилол»га қарши ўтказган АГМК жамоаси мусобақадаги илк очкосини қўлга киритди.

Ўйин бошланишиданоқ АГМКнинг рақибга нисбатан қўллаган прессинги натижасида «Ал Ҳилол» дарвозабони Маюф хатога йўл қўйди ва бу вазиятда олмалиқликлар ҳужумчиси Зафар Полвонов гол уришни уддасидан чиқди. Учрашувдаги иккинчи голни «Ал Ҳилол» жамоаси урди. «Ал Ҳилол»нинг ўнг қанотдан уюштирган ҳужумини бартараф этишга чоғланган Раҳмонов тўпни қайтариш чоғида ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. «Ал Ҳилол» танаффусга қадар ҳисобдаги фарқни ўз томонига оғдирди. Ҳимоядаги тўп йўқотиш натижасида «Ал Ҳилол» ҳужуми кескинлашди ва Каррильо узатмасини Ветто голга айлантирди. Учрашувнинг 70-дақиқасида Санжар Турсунов бошлаган ҳужумни Санжар Шоаҳмедов гол билан якунлади.

Шу тариқа АГМК Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги илк ўйинида «Ал Ҳилол» билан дуранг ўйнади.

Ўйиндан сўнг олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов учрашув ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Фото: АГМК матбуот хизмати

«Ўйин жуда ҳам қизиқарли бўлди. Ҳар икки жамоа майдонга ғалаба учун тушди, шунга яраша ҳаракатланди. Менимча, бугунги футбол четдан қараганда ҳам томошабоп бўлди. АГМК учун бугунги баҳс тарихий бўлди. Жамоамиз илк бор ОЧЛ гуруҳ босқичида ўйнади. „Ал Ҳилол“ билан сафарда ўйнаш нафақат биз учун, балки исталган жамоага катта қийинчилик туғдиради. Мен футболчиларим билан фахрланаман. Биз бу мусобақага шунчаки келмаганмиз. Кеча айтиб ўтганимдек, гуруҳ босқичи якунланганидан сўнг кимлар кейинги босқичга чиққани маълум бўлади. Биз қўлимиздан келганича ва имкон қадар ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўриб, ғалаба учун майдонга тушамиз ҳамда мухлисларимизни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз», — дейди Қосимов.

Ўзбекистоннинг икки жамоаси «Пахтакор» ҳамда АГМК ОЧЛдаги 1-турни дуранг билан бошлади. «Пахтакор» 2-турни 17 апрель куни Тошкент вақти билан соат 20:00 да «Эйр Форс» клубига қарши ўтказса, АГМК 18 апрель куни «Истиқлол»га қарши 2-тур баҳсини ўтказади. Мазкур ўйин Тошкент вақти билан 00:00 да бошланади.