Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига таклиф қилинаётган ўзгаришлар бўйича муносабатини билдирди. Департаментнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар ўқувчиларнинг саводига ижобий таъсир қилади, шунингдек, катта авлод вакилларининг ҳам алифбони ўрганишини тезлаштиради.

«Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов «Баҳс ва ярашиш алифбоси» номли мақоласида алифбо ва имлодаги ўзгаришлар масаласини пухта ўйлаб, аниқ илмий асосларга таяниб амалга ошириш лозим, деган фикрни илгари сурган эди. Департамент ўз муносабатида алифбони ислоҳ қилиш зарурати бўйича бир қанча фикрларни келтирган, лекин колумнист бу фикрларнинг асосида илмий далилларни кўрмаганлигини таъкидлади.

«Бир товушга — бир ҳарф» тамойили амалдами?

Алифбодаги баҳсли тўрт ҳарфни ўзгартириш заруратига тўхталар экан, департамент «халқимиз тарихда фойдаланган араб, лотин, кирилл ёзувлари ҳам „бир товушга — бир ҳарф“ тамойилига асосланган», деган фикрни келтирган. Юқорида тилга олинган мақоламда «алифбо — фонетик транскрипция эмас ва бир фонема бир неча ҳарфлар билан ифодаланиши ёки аксинча, битта ҳарф бир неча фонемани ифодалаши нормал ҳолат», деган фикрни келтирган эдим ва бир қанча тиллардан бунга мисоллар келтирган эдим.

Ўзбек тили учун ишлатилган араб ёки кирилл ёзувларида ҳам «бир товушга — бир ҳарф» тамойилига риоя қилинмаган. Масалан, араб ёзувидаги «се», «син», «сод» ҳарфлари «с» товушини ифодалайди. Тўғри, араблар бу уч хил ҳарф ифодалаган товушларни ҳар хил талаффуз қиладилар, лекин ўзбек тили учун бу фарқ мавжуд эмас. Раҳимбой Жуманиёзов ўзининг «Эски ўзбек ёзуви» номли қўлланмасида шундай ёзади: «Араб ёзувига диққат қилган бўлсангиз, бизнинг тилимиздаги бир товушни ифодалаш учун икки, уч ва ҳатто тўрт ҳарф мавжудлигини кўрасиз. Ўзбек тилида бу ҳарфлар ифода этган товушлар ўртасида ҳеч қандай фарқ кўзга ташланмайди. Лекин тилимизнинг луғат составига кирган арабча сўзларда араблар қайси ҳарфни қўллаган бўлсалар, биз ҳам шу сўзни ёзишда ўша ҳарфни ишлатамиз» (110−111 бетлар).

Демак, араблар талаффузда фарқлай оладиган, лекин ўзбеклар фарқламайдиган товушларни ифодалайдиган ҳарфлар сабабли араб ёзувига асосланган ўзбек алифбосида амалда бир товушни ифодалайдиган бир неча ҳарф мавжуд бўлган ва қайси сўзда қайси ҳарф ёзилишини эслаб қолиш керак бўлган.

Бундан ташқари, араб ёзуви консонант ёзувлар сирасига киради — бундай ёзувларда сўз ичидаги унлилар ёзувда ифодаланмайди. Мисол учун, «Эски ўзбек ёзуви» қўлланмасида келтирилган «золим», «ғазаб» сўзларининг араб имлосида ёзилишига эътибор берсак, «золм» (5 товуш — 4 ҳарф), «ғзб» (5 товуш — 3 ҳарф) шаклида ёзилганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, ўзбек тилида унлилар сони кўпроқ бўлгани ҳолда, араб ёзувида унлиларни ифодалайдиган фақат учта ҳарф мавжудлигини ҳам қайд этиш лозим.

Демак, асрлар давомида ишлатилган араб алифбосида «бир товушга — бир ҳарф» тамойилига амал қилинган, дея олмаймиз. Кирилл ёзувида ҳам бу тамойилга қатъий риоя қилинган, дейиш қийин. «Я», «ю», «ё» (мисол учун, «ялпиз», «юрт», «ёмон») ҳарфларининг аслида икки товушни билдириши, «е» ҳарфининг ўрнига қараб бир ёки икки товушни билдириши (масалан, «енгил» сўзида икки товуш, «мен» сўзида бир товуш), битта «ж» ҳарфининг иккита товушни ифодалаши (солиштириб кўринг: «жийда» — «жирафа»), «нг» ҳарфларининг ўрни келганда икки товушни («менга») ёки бир товушни («денгиз») билдириши бунга яққол мисол бўла олади.

Демак, департамент таъкидлаганидек, «халқимиз тарихда фойдаланган араб, кирилл алифболари „бир товушга — бир ҳарф“ тамойилига асосланган», дейиш унчалик ҳам ҳақиқатга мос эмас. Фақат ислоҳ қилинган араб алифбосида (1921−1929) ва «яналиф»да (1929−1940 йилларда ишлатилган лотин алифбосида) бу тамойил у ёки бу даражада кузатилган, дейишимиз мумкин. Бироқ бу алифболарнинг амал қилиш муддатини араб, кирилл ёки амалдаги лотин алифболари қўлланилган давр билан солиштириб бўлмайди.

Яна бир ҳолат. Кирилл ёзувидаги «ж» ва «нг» билан боғлиқ ҳолатлар таклиф қилинаётган ёзувга айнан кўчганлиги сабабли, таклиф қилинаётган алифбонинг ўзида ҳам «бир товушга — бир ҳарф» тамойилига ҳар доим амал қилинмаганини кўришимиз мумкин.

«Ў» ва «Ғ» ҳарфлари: техник ечим мавжуд эмас…ми?

Департамент амалдаги «Ў» ва «Ғ» ҳарфларига тўхталар экан, бу ҳарфларни ёзиш учун компьютер клавиатурасида 6та тугма (аввал О ёки Г, кейин: альт 0145) босилишини таъкидлаган. Аслида, айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳарфлар учун UNICODE тавсия қилган ҳарфни «ўзгартирувчи тескари вергул» (U+02BB, «modifier letter turned comma») ишлатилса, компьютер тизимлари бундай ҳарфлар иштирокидаги сўзларни тўғри қабул қилади.

Дарҳақиқат, бу ҳарфларни компьютерда териш қийинлиги ҳам, кўпчилик бу ҳарфларни теришда ҳар хил белгиларни ишлатиб, хатога йўл қўйиши ҳам бор гап. Лекин муаммонинг ечими фақат алифбони ўзгартиришми? Бу ҳарфларни қийинчиликсиз ва бехато териш имконини берадиган клавиатура раскладкаси яратилиши мумкин эмасми?

Департамент «замонавий гаджетлар клавиатураларида ўзбек тилининг барча ҳарфлари бўлади», дея таъкидлаган. Амалдаги лотин алифбосидаги бу ҳарфларни битта тугма билан териш имконини берадиган клавиатура Android тизимидаги қурилмаларда аллақачон мавжуд. Бундай клавиатуранинг техник имкониятлари, ижобий ва салбий жиҳатлари ўрганилдими? Шунга ўхшаган клавиатурани бошқа тизимлар учун яратиш имкониятлари тадқиқ қилиндими? Департамент шу бўйича ҳам асосланган фикрларни тақдим қилса, мутахассислар билан очиқ муҳокама қилса, фойдадан холи бўлмас эди, назаримда.


«Ш» ва «ч»: туркий тиллар алифбосига яқинлик?

Департамент билдирган муносабатда «ш» ва «ч» ҳарфларини ўзгартириш заруратини бу товушларнинг иккита ҳарф билан ифодаланиши «ҳеч бир туркий давлатлар амалиётида йўқ"лиги билан изоҳлаган. Асл мақсадимиз туркий тиллар алифбосига яқин алифбони қабул қилиш эмас, лотин алифбосига ўтишни тугаллаш эканлигини унутмайлик.

Биринчидан, туркий тиллар турли алифболардан фойдаланишади. Масалан, туркий тиллар орасида ўзбек тилига энг яқин бўлган уйғур тили учун араб ва кирилл ёзувлари ишлатилса, озарбайжон, турк, туркман, қорақалпоқ тиллари учун лотин, қирғиз, қозоқ, шунингдек, Россия таркибидаги аксар туркий халқлар тиллари (олтой, бошқирд ва бошқалар) учун кирилл алифбоси асосидаги ёзув ишлатилади. Демак, туркий тиллар ёзувлари муштараклиги ҳақида айни пайтда, турли сабабларга кўра, гапиришга асос йўқ.

Иккинчидан, алифбодаги «ш» ва «ч» ҳарфларининг ўхшашлиги ўзбеклар учун бошқа туркий тилларни ўрганишни осонлаштириб қўймайди. Барибир ўзбекзабон ўқувчи қайси туркий тилни ўрганмоқчи бўлса, ўша тилнинг грамматикаси ва сўз бойлиги билан бирга алифбоси ва имло қоидаларини ҳам ўрганиши керак бўлади. Масалан, «ж» товуши ўзбек тилида «j» билан ифодаланса (мисол: «jonim mening») , турк тилида «c» билан берилади («canim benim»). Шундай экан, узр, лекин мен «ш» ва «ч» борасида берилган асос тагида мантиқ кўрмадим.

Шунчаки маълумот учун. Генеалогик жиҳатдан бир-бирига яқин (ҳинд-европа тиллари оиласи ғарбий герман тиллари гуруҳига кирувчи) инглиз ва немис тиларида «ш» ва «ч» товушлари ҳар хил ҳарф бирикмалари («sh», «ch» ва «sch», «tsch» билан ифодаланади).

Амалдаги алифбонинг қийинлиги — тадқиқотлар борми?

Алифбога ўзгартириш киритиш зарурати ҳақида муносабат билдирар экан, департамент ёзмоқда: «Алифбодаги ушбу ҳарфлар сабабли каттароқ ҳажмдаги матнни ўқиш ва ёзиш қийинлигича қолмоқда. Бу ўз навбатида, Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг оммалашишига салбий таъсир қилмоқда».

Савол туғилади. Келтирилган фикр нимага асосланган? Амалдаги алифбонинг осон ёки қийинлиги бўйича тадқиқотлар ўтказилдими? Турли воситалар орқали (масалан, қоғозда, компьютер ёки смартфон экранида, электрон китоб ўқиш қурилмаси — букридерда) амалдаги лотин алифбоси ва таклиф қилинаётган алифбодаги матнларни ўқиш тезлиги, идрок қилиш даражаси орасидаги фарқлар ўрганилдими? Турли ёшга мансуб шахслар, кириллда ёки амалдаги лотинда саводи чиққан шахслар, она тили ўзбек тили бўлган ва бошқа миллатга мансуб шахслар категорияларига қараб ҳар икки алифбодаги матнни ўқиш тезлиги ва идрок қилиш қобилияти қандай фарқ қилди?

Худди шундай тадқиқотлар амалдаги ва таклиф қилинаётган алифболарда ёзиш бўйича ҳам ўтказилдими? Қоғозда ёзиш, смартфонда ёки компьютерда матн териш бўйича қандай кўрсаткичлар олинди?

Агар бундай тадқиқотлар ўтказилган бўлса, департаментдан уларнинг натижаларини тақдим қилишни сўрардим. Агар ўтказилмаган бўлса, узр — сиз ўқиш ва ёзиш қийин деяётган алифбони мен ёки бошқа биров осон дейиши мумкин.

Департамент муносабатида амалдаги алифбо қийинлиги билан боғлиқ яна бир қизиқ аргумент келтирилган: «миллий алифбодаги мураккабликлар туфайли кўпчилик битирувчи ёшлар меҳнат фаолиятларини кирилл алифбосида давом эттиришга мажбур бўлмоқда». Дарҳақиқат, нега таълим тизимида (мактабда, олий таълимда) лотин алифбосида ўқиган ёшлар меҳнат фаолиятларини кирилл алифбосида давом эттиришга мажбур бўлмоқда? Сабаб миллий алифбодаги мураккабликларми?

Шахсий тажрибамдан бир воқеа. Давлат ташкилотларидан бирида ишлаганимда Вазирлар маҳкамаси ва Президент администрациясига юборилиши керак бўлган ҳужжатларни лотин алифбосида тайёрлаганимда уларни кирилл алифбосига ўгириб беришни сўрашган ва бундай ҳужжатлар кейинчалик кириллчада тайёрланиши лозимлигини уқтиришган эди. Хулоса ўзингиздан.

Лотин ёзувида ўқиган ёшлар саводсиз… ми?

Департамент келтираётган аргументлардан яна бири: «Лотин ёзувида ўқиган ёшлар орасида саводсизлик кучайиб, ёзма нутқда соддароқ белги („ў“ нинг ўрнига „6“, „ч“ нинг ўрнига „4“, „ш“ нинг ўрнига „w“) дан фойдаланиш авж олган».

Ёзма нутқда соддароқ белгилардан фойдаланиш — бу саводсизлик белгиси эмас, балки бутун дунёда, кўп тилларда кузатиладиган «смс тили» ёки «тармоқ жаргони» деб аталадиган ҳодиса. Яъни, ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларда, смс орқали мулоқотда вақтни тежаш, ёзма мулоқот тезлигини ошириш мақсадида турли усуллар ишлатилади. Шундай усуллардан бири сўзларни қисқартириш бўлса (инглиз ва рус тилларидан мисоллар: «in my humble opinion» (фикри ожизимча) — «IMHO», «часто задаваемые вопросы» (кўп бериладиган саволлар) — «ЧАВО»), яна бири айрим ҳарфлар (ҳарф бирикмалари) ўрнига бошқа белгиларни ишлатишдир (мисол учун: «tomorrow (эртага) — «2mro», «что делаешь» (нима қиляпсан) — «4то 2елаеш»).

Бундай ҳолатлар алоҳида тенденция, лингвистик ҳодиса сифатида тадқиқ қилинмоқда, ўрганилмоқда. Назаримда, алифбонинг ўзгариши бу ҳодисани тўхтата олмайди.

Ўзбек тили интернет тили эмас…ми?

Департаментнинг муносабатида амалдаги алифбо ўзбек тилининг интернет тилига айланишига халал бераётгани ҳам таъкидланган: «Алифбодаги мураккаб ҳарфлар туфайли ўзбек тилини „рақамлаштириш“, интернет тилига айлантириш имкони бўлмаяпти». Маърифат газетасида эълон қилинган бир мақолада ҳам жорий алифбодаги тўртта ҳарф туфайли компьютер тизимлари, сунъий интеллект, интернет тизимлари ўзбек тилини танимаслиги айтилган.

Ушбу фикрни текшириш учун бир тажриба ўтказиб кўрдим. Амалдаги лотин алифбосида терилган матнни Google таржимон дастурига ташлаб кўрдим. Google таржимон матннинг ўзбек тилида эканлигини таниди ва мен танлаган бошқа тилларга (рус ва инглиз тилларига) деярли бенуқсон таржима қилиб берди. «Мураккаб ҳарфлар» Яндекс таржимон дастурига ҳам матннинг ўзбек тилида эканлигини аниқлаб олишга халақит қилмади. Илова қилинган расмларда бу ҳолат акс этган.


Департамент келтирган яна бир аргумент — «транслитерация дастурлари туфайли кирилл алифбосидаги адабиётларни миллий алифбога тезкор ва хатосиз ўгириш ва ўқиш имкони пайдо бўлиши»га келсак, кирилл ёзувида терилган матнни амалдаги алифбога транслитерация қилиб берадиган дастурлар ҳам мавжуд. Фақат бир нарсани унутмаслик керак — лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси, хоҳ амалдагиси бўлсин, хоҳ таклиф қилинаётгани — кирилл ёзувининг айни транслитерацияси эмас, балки ўз қоидаларига эга алоҳида тизимдир. Шунинг учун бир ёзувдан иккинчи ёзувга транслитерация ҳеч қачон бехато бўлмайди.

Департамент ўз муносабатида алифбодаги шаклий ўзгаришлар сабабли «катта авлодга мансуб фуқароларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси имлосини ўзлаштириши тезлашади», «ўзбек тили табиатига мос ёзув бўлади», дея таъкидлаган, лекин таклиф қилинаётган алифбо айнан қайси жиҳатлари билан ўзбек тили табиатига мос бўлишини ёки катта авлодга амалдаги алифбони ўзлаштиришга қайси омиллар халақит бераётганини изоҳламаган.

Якун сифатида олдинги мақоламда келтирилган фикрни яна бир марта қайтаришга рухсат берсангиз. Агар алифбога ўзгартириш киритиш зарур бўлса, мен бу ўзгаришларнинг пухта ўйлаб, илмий асосланган ҳолда киритилиши тарафдориман. Акс ҳолда алифбо ва имло масаласига яна ва яна қайтишга мажбур бўлаверамиз. Ҳозирча эса, афсуски, алифбони ўзгартириш учун келтирилаётган аргументлар мени филолог сифатида ҳам, фойдаланувчи сифатида ҳам ишонтира олгани йўқ.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.