Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Алифбода мавжуд ҳарф бирикмаларини («sh» ва «ch»), шунингдек, «o‘» ва «g‘» ҳарфларини диактрик белгили ҳарфлар билан алмаштириш таклиф этилмоқда. Колумнист Комил Жалилов сўнгги юз йил ичида алифбо қандай ўзгаргани, бу тил ва жамиятнинг ривожланишига қандай таъсир кўрсатгани ва таклиф этилаётган ўзгаришлар қанчалик асослилигини таҳлил қилди.

Масаланинг тарихи

ХХ аср ўзбек ёзуви учун ўзгаришларга бой бўлди. 1920 йилларнинг бошларида асрлар давомида фойдаланиб келинган араб ёзувига ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгартиришлар араб тилига хос товушларни алифбодан чиқариш ва унли товушларни англатувчи белгиларни киритиш билан боғлиқ эди. (Араб алифбоси консонант («абжад») ёзув турига мансуб бўлиб, бундай алифболарда сўз ичидаги унлилар одатда ёзувда акс этмайди.) Алифбога ўзгартиришлар расман Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси Маориф Халқ Комиссарининг буйруғи билан 1923 йил 18 октябрда тасдиқланди.

Ислоҳ қилинган араб ёзувидан кўп ҳам фойдаланилмади. 1929 йилда Самарқандда — ўша пайтда Ўзбекистон ССР пойтахтида — Республика имло конференцияси бўлиб ўтди ва унда лотин алифбосига асосланган янги ўзбек алифбоси («яналиф») тасдиқланди. 1930 йилларнинг лотин алифбоси 34 белгидан иборат бўлиб, биз ҳозир ишлатаётган лотин алифбосидан тубдан фарқ қилар эди — таққослаш учун 1933 йилда чоп қилинган журналдаги эълонни ўқиб кўринг.

Бироқ тез орада лотин алифбоси ҳам алмаштирилди. 1940 йилда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши кирилл алифбосига асосланган ўзбек алифбосини тасдиқлади. Бу алифбога кейинчалик киритилган айрим ўзгаришларни (масалан, 1956 йилда апострофнинг «ъ» ҳарфига алмаштирилишини) ҳисобга олмаса, ҳанузгача шу алифбода қонунлар ва фармонлар эълон қилинмоқда, китоблар ва даврий адабиётлар чоп этилмоқда, сайтлар саҳифаланмоқда.

1993 йилда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Адлия вазирининг маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова яқинда «лотин алифбосига ўтишга сиёсий мотивлар — «советча англашдан қочиш» сабаб бўлган», деган фикрни билдирди. Мамлакат Олий Кенгашининг қарори билан 2000 йилгача янги алифбога тўлиқ ўтиш якунланиши керак эди. Бироқ, 1995 йилда алифбога ўзгартиришлар киритилди (у биз ҳозир фойдаланаётган шаклга кирди) ва тўлиқ ўтиш муддати 2005 йилгача, кейин эса 2010 йилгача узайтирилди. 2010 йилга келиб ҳам ўтиш ниҳояланмади ва мамлакат ҳали ҳам бир пайтнинг ўзида иккита алифбодан фойдаланмоқда. Яқинда ҳукумат 2023 йил январни янги «охирги муддат» этиб тасдиқлади — шу вақтгача ҳамма «такомиллаштирилган» лотин ўзбек алифбосига ўтиши керак.

Демак, таклиф қилинаётган ислоҳот алифбонинг сўнгги юз йил ичида бешинчи марта ўзгартирилиши бўлади, бу ҳали алифбо алмашишлари орасида имло қоидаларига киритилган ўзгаришларни ҳисобга олмасак.

Яна бир қизиқарли томони — кўпгина тиллар, ушбу тил қаерда ишлатилишидан қатъий назар, бир хил алифбодан фойдаланади. Эрондан ташқарида яшовчи эронликлар худди Эронда бўлгани каби араб ёзувида ёзадилар. Рус тили учун Россиянинг ўзида, МДҲ давлатларида ва бутун дунёда бирдек кирилл алифбоси қўлланилади.

Бу борада ўзбек тили истисно бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда яшовчи ўзбеклар бир пайтнинг ўзида ҳам кирилл, ҳам лотин ёзувларини ишлатадилар. МДҲ мамлакатларидаги ўзбеклар кирилл алифбосида ёзишади. Масалан, Қирғизистонда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар учун дарсликлар ҳанузгача кирилл ёзувида нашр этилмоқда. Афғонистонда ўзбек тили учун араб ёзувидан фойдаланилади — мисол учун BBCнинг ушбу мамлакатда яшовчи ўзбекларга мўлжалланган саҳифасига кўз ташлаш кифоя.

Битта тилдаги матнларни ёзиш учун турли алифболарнинг ишлатилиши турли мамлакатлардаги яшовчи тил эгалари ўртасидаги мулоқотга, шунингдек, компьютер лингвистикаси соҳасидаги (масалан, машина таржимаси бўйича) тадқиқотларга салбий таъсир кўрсатмай қўймайди.

Озгина назария

Мулоҳазаларни давом эттиришдан олдин озгина назарияга «саёҳат» қиламиз. Бу бизга, алифбога ўзгартириш киритиш зарурми ёки йўқми, агар зарур бўлса, айнан қандай ўзгартиришлар зарур эканлигини тушунишга ёрдам беради. Ўқиш ва тушуниш жараёнини тадқиқ қилувчи олимлар шундай хулосага келишганки, ўқиётганда биз сўзни тушунишимиз учун миямиз ҳар бир ҳарфни алоҳида қабул қилмайди, балки бутун сўзни идрок этади. Кичик тажриба. Мана бу гапни ўқиб кўринг: «Йтигга етмиш ҳнар ҳам оз». Айрим ҳарфлардаги хатоларга қарамай, сиз жумлани ўқий ва тушуна олдингиз, чунки мия алоҳида ҳарфларни эмас, балки бутун сўзларни қабул қилади.

Алифбо — математик белгилар ёки замонавий эмодзилар сингари шартли белгилар тизимидир. Бу тизимда тилдаги товушларга (аниқроғи, фонемаларга) маълум белгилар мос келади. Тилни ўрганаётган киши ўзи учун қайси белгилар қайси товушларга мос келишини ўзлаштириб, «товуш — белги» боғлиқлигини (ассоциациясини) ҳосил қилиши биланоқ, бу белгиларнинг маъноси йўқолади. Яъни, масалан, «ш» товуши турк тилидаги ёки таклиф қилинаётган ўзбек алифбосидаги каби «ş» белгиси билан ёзиладими, инглиз тилидаги ёки амалдаги ўзбек алифбосидаги каби «sh» биланми, немис тилидаги каби «sch» ёки француз тилидаги каби «ch» биланми — ҳеч қандай фарқи йўқ. Жамиятда қайси белги ёки белгилар йиғиндиси қабул қилинган бўлса, инсон ўшани эслаб қолади ва келажакда шундан фойдаланади.

Бошқа муҳим бир жиҳат. Тиллар кўп ва ҳар бир тил ўзига хос фонемалар тизимига эга. Ушбу тиллардаги матнларни қайд қилиш учун ишлатиладиган ёзув тизимлари (алифболар) эса анча камроқ. Бугунги кунда энг кенг тарқалган ёзув тизимлари маълум бир тил учун яратилганлигини ҳисобга олсак (масалан, лотин ёзуви лотин тили учун), табиийки, бу ёзувлар кейинчалик қайси тиллар учун қўлланила бошланган бўлса, ўша тиллардаги барча фонемаларини акс эта олмайдилар.

Масалан, инглиз тилидаги 44та товуш лотин алифбосининг атиги 26та ҳарфи ёрдамида (боз устига, ҳеч қандай махсус ҳарфлар ва диактрик белгилардан фойдаланмаган ҳолда) ифодаланади. Шунинг учун ҳам бир нечта ҳарфларнинг бирикмаси битта товушга мос келиши мумкин (масалан, «sh», «ch» ёки «th»), шунингдек, айни бир ҳарф ёки ҳарфлар бирикмаси турли ўринларда келганда турли хил товушларни билдириши ҳам мумкин (масалан, «can» ва «call» сўзларидаги «а» ҳарфи ҳар хил товушларни англатади).

Рус тилидан мисол. «Молоко» сўзида биринчи «о» ва охирги «о» ҳар хил товушларни билдиради, яъни ҳар хил фонемалар бир хил белги билан ёзилмоқда.

Алифбо — бу ҳар бир фонемага фақат битта белги тўғри келиши керак бўлган фонетик транскрипция эмас. Тўғри, алифболарида деярли мукаммал «товуш-ҳарф» мослиги акс этган тиллар ҳам йўқ эмас, аммо бундай тиллар нисбатан кам. Кўп тилларда, турли сабабларга кўра, бу нисбат бузилган. Масалан, ўзбек кирилл алифбосида ҳам турли хил товушлар битта ҳарф билан ёзилиши ёки битта ҳарф бир нечта товушларни англатиши мумкин.

Масалан, бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган иккита товуш («жўжа» ва «журнал») учун бир хил «ж» ҳарфи олинган, туркий тиллар учун хос бўлган ŋ товуши эса икки ҳарф бирикмаси — «нг» билан ёзилади (масалан, «сингил»). Дарвоқе, худди шу ҳолатни амалдаги ва таклиф қилинаётган ўзбек лотин алифболарида ҳам кўришимиз мумкин.

Ёки ўзбек кирилл алифбосидаги «е» ҳарфи, қайси ўринда келишига қараб, битта товушни ёки иккита товушни билдириши мумкин (таққосланг: «бер» — «ер»).

Бундай ҳолатлар учун «алифбо тамойили» тушунчаси мавжуд бўлиб, унга кўра алифбодаги белгилар ва товушлар ўртасидаги муносабатлар «битта товуш — битта ҳарф» тамойилига амал қилиши шарт эмас, аммо бу муносабатлар тизимли ва тушунарли бўлиши керак. Яъни, биз тилда сўзларни қандай ёзишимиз ва талаффуз қилишимизни белгилайдиган маълум қоидалар мавжуд.

Алифбо тамойилининг ўзбек тилида ишлашига мисол. «Мaktab», «kitob» ва «maktabim», «kitobim» сўзларидаги «b» ҳарфи турли хил товушларни билдиради, аммо иккала ҳолатда ҳам битта ҳарф ёзилиши кераклигини белгилайдиган қоида мавжуд.

Юқоридагиларни умумлаштирамиз. Битта товушни ифодалаш учун битта белгидан эмас, балки бир нечта белгилар бирикмасидан фойдаланиш нормал ҳолатдир. Шунингдек, алифбодаги битта белги тилнинг турли хил товушларини билдириши ҳам нормал ҳолатдир.

Баҳсларга сабаб алифбо

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида ушбу қонун лойиҳаси фикр ва мулоҳазалар сони бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Бу тушунарли ҳолат — ҳар бир киши алифбодан фойдаланади, ўзгартиришлар у ёки бу тарзда ҳар биримизга дахлдор. Муҳокамада иштирок этаётганлар орасида ўзгаришларни қўллаб-қувватловчилар ҳам бор ва кескин қарши бўлганлар ҳам кўп. Ҳатто ўзларининг муқобил алифбо вариантларини таклиф қилаётганлар ҳам мавжуд. «Газета.uz» телеграм-каналида ўтказилган сўровномада ва сайт саҳифасидаги шарҳларда ҳам фикрлар кескин бўлинганини кўриш мумкин.

Мутахассислар ҳам бу масалада якдил эмаслар. Тилшунос ва антрополог Элдар Асанов алифбонинг таклиф қилинаётган версияси мукаммал эмас ва мукаммалроқ алифбони жорий этиш имконияти пайдо бўлгунча ҳозирги алифбодан фойдаланишни давом эттириш яхшироқ, деган фикрни билдирди. Унга кўра, таклиф этилаётган версиядаги муаммолардан бири — сингармонизм (унли товушлар уйғунлиги) ҳодисасининг алифбода ўз аксини топмаганлиги.

Мен суҳбатлашган мутахассислардан бири — хусусий ношир ҳам алифбонинг таклиф қилинган версияси мукаммал эмас, ўзбек тилига хос барча товушларни акс эттирмайди, деган фикрга қўшилди. Бироқ, унинг фикрича, ўзбек лотин алифбосининг таклиф қилинаётган версияси тескари апострофлар йўқлиги сабабли саҳифалардаги матннинг кўриш учун яхлитлигини таъминлайди.

Мен суҳбатлашган илмий даражага эга бўлган бошқа бир мутахассис, филолог сингармонизм ҳақидаги фикрга қўшилмади. Унинг фикрича, сингармонизм ҳодисаси ўзбек тилининг айрим шеваларидагина сақланиб қолган, аммо адабий тилда эмас, шунинг учун алифбога қўшимча унлилар киритишга ҳожат йўқ. Айтганча, Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ҳам замонавий ўзбек тилида сингармонизм қоидасига риоя қилинмаслиги қайд этилган.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, мактаблар учун ўзбек тили дарслиги муаллифларидан бири Бахтиёр Менглиев Facebookдаги саҳифасида «биронта тилнинг алифбоси мукаммал эмас» ва ўзбек тилининг мураккаб таркиби (лаҳжаларнинг кўплиги) алифбони мукаммаллаштиришга бўлган ҳар қандай ҳаракатларини йўққа чиқаради, дея таъкидлади. Унинг фикрига кўра, алифбо ислоҳотида барча ижобий ва салбий томонларини ҳисоб-китоб қилмай туриб, «ола-таъсир» иш кўриш ярамайди, таклиф қилинаётган ислоҳотнинг эса «фойдадан кўра зарари кўпроқ"дир.

Муаммога бефарқ бўлмаганларни икки қутбга ажратган яна бир масала — кирилл алифбосидаги «ц»га тўғри келадиган ҳарфнинг йўқлиги. Баъзилар «ц» товуши ўзбек тилига хос эмас ва бунинг учун алоҳида ҳарф керак эмас, деб ҳисоблашади. Бошқалар эса «ц» мавжуд бўлган жуда кўп миқдордаги сўзлар (шу жумладан илмий атамалар) ўзбек тилига кириб келганлигини таъкидлайдилар. Бундан ташқари, «ц» турли миллат вакилларининг атоқли номларида ишлатилади (масалан, «Цой»). Шу сабабли, уларнинг фикрига кўра, алифбога лотинча «с»ни киритиш лозим. (Ўрни келганда айтиш жоиз, амалдаги лотин ўзбек алифбосида ҳам «с» йўқ).

Алифбо борасидаги мунозаралар иштирокчиларини ажратган яна бир масала. Ўзбек лотин алифбосининг амалдаги ва таклиф этилаётган версияларида кирилл ёзувидаги «ҳ» ва «х» ҳарфларига «h» ва «x» ҳарфлари мос келади. Айримлар фақат «h»ни қолдириб, «x»дан воз кечишни таклиф қилишмоқда. Улар ўз фикрларини «х» товуши туркий тилларга хос бўлмаганлиги ва кўп ўзбеклар «ҳ» ва «х»ни фарқламасликлари сабабли ёзишда хатоларга йўл қўйиши билан асосламоқдалар. Масалан, ушбу нуқтаи назарни тадбиркор ва ношир Фируз Аллаев ҳам ўзининг Телеграм-каналида қўллаб-қувватлади. Бироқ, танганинг бошқа томони ҳам бор. «ҳ» ва «х» орасидаги фарқ етказилмоқчи бўлган фикр мазмунига таъсир қилиши мумкин. Масалан, «шох» — дарахт шохи ва «шоҳ» — ҳукмдорни таққосланг.

Ижтимоий тармоқлардаги мунозаралар пайтида айримлар амалдаги алифбонинг яна бир муаммосига — апострофли сўзларнинг компьютер тизимлари томонидан нотўғри қабул қилиниши (сўзни бўлиб юбориши) масаласига эътибор қаратдилар. Масалан, «O‘zbekiston» (нотўғри киритилган бўлса), «ta'lim» каби сўзлар компьютер тизимлари томонидан битта сўз сифатида қабул қилинмайди. Бу компьютер лингвистикаси соҳасидаги мутахассислар ва дастурчилар учун муайян муаммоларни келтириб чиқаради, шунингдек, маълумотларни автоматик қидириш ва тизимлаштиришни мураккаблаштиради.

Мен суҳбатлашган филологлар ва ўқитувчилар эса асосан таклиф қилинаётган ўзгаришларга қарши чиқишди. Суҳбатдошлардан бири таклиф қилинаётган ўзгаришларда мантиқ йўқлигини айтди. Она тилини ўзлаштириш жараёнларини ўрганадиган мутахассис сифатида у киритиладиган ўзгаришлар ҳамма учун — кириллда ўқишни ўрганганлар учун ҳам, амалдаги лотин алифбосида ўқиганлар учун ҳам ёзма матнни идрок этиш билан боғлиқ жараёнларнинг секинлашишига олиб келади деб ҳисоблайди.

Бошқа бир суҳбатдошим — мактаб ўқитувчиси алифбони ўзгартириш учун сарфланадиган харажатлар масаласини кўтарди. Ахир, барча ҳужжатлар, бланкалар, муҳрлар, штампларни, кўчалар, бинолар, аҳоли пунктларига кираверишдаги ёзувларни алмаштириш, дарсликларни, китобларни, луғатларни, хариталарни қайта нашр этиш керак бўлади.

Учинчи суҳбатдошимнинг фикрига кўра эса, ўзгартиришлар «ўзини кўрсатишни истаган одамлар» томонидан таклиф қилинган ва бирмунча вақт ўтгач, қайсидир бир амалдор янги бир таклиф билан чиқса, алифбонинг яна ўзгармаслигига кафолат йўқ. У алифбони жуда кўп маротаба алмаштиришимизга тўғри келганини, бу эса яхши ҳолат эмаслигини эслатди.

Филология фанлари доктори, профессор Азиз Жўраев ўзининг «Стандарт ўзбек тили» (2016) номли монографиясида шундай ёзган эди: «Деярли бир аср давомида ўзбек ёзуви ва имлосини ислоҳ қилиш ёки алмаштириш билан боғлиқ тадбирлар (1922, 1929, 1934, 1940, 1956, 1993, 1995 йиллар) ёзма ўзбек тилини сурункали беқарорликка дучор этди. Ҳар сафар лингводидактик намуна синдирилиб, янгисини яратиш учун вақт, меҳнат ва пул сарф қилинаверди, ҳар сафар ўзбекларнинг лисоний онгига ўзгариртириш киритилди. Бу ҳол стандарт ўзбек тилининг (ёзма ва оғзаки лингводидактик намунанинг) мавжудлик шаклига таъсир этмай қолмади. Унинг ҳеч бир даврда тўлақонли ривож топа олмагани ҳам шундандир» (8−9-бетлар).

«Хўжа Али»ни «Али Хўжа»га ўзгартиряпмиз (ми)?

Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида лойиҳа муаллифлари алифбони такомиллаштириш заруратини лотин алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш зарурати, шунингдек, ўзбек тилининг мамлакат ичкарисидаги ва жаҳон миқёсида нуфузи ва мавқеини ошириш мақсади билан изоҳлашган.

Тилнинг нуфузидан бошласак. Юқорида айтганимдек, алифбо шунчаки шартли белгилар тизимидир. Мамлакат ичкарисида ҳам, дунёда ҳам ўзбек тилининг обрўси учун қайси товушларни қандай белгилар билан ифодалашимиз ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

Инглиз тилининг ер юзидаги обрўси алифбо билан белгиланмайди. Юқорида мен инглизча товушларнинг ҳаммаси ҳам битта ҳарф билан акс этмаслигини ёки аксинча, бир хил ҳарфлар ҳар доим ҳам бир хил товушни англатмаслигини мисол келтирдим. Инглиз тилининг обрўсини ушбу тилдаги илмий, илмий-оммабоп, техник ва бошқа адабиётларнинг (шу жумладан медиа — фильмлар, қўшиқлар, компьютер дастурлари ва ўйинларнинг) кўплиги ва уларнинг сифати, шунингдек инглиззабон мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиёти, сиёсати, илм-фани ва таълимидаги мавқеи мустаҳкамлайди.

Шунинг учун, агар биз ўзбек тилининг обрўсини кўтармоқчи бўлсак, назаримда, бу тилдаги турфа адабиётлар, манбаларнинг миқдори ва сифати ҳақида ўйлашимиз лозим. Алифбонинг тез-тез ўзгариб туриши эса тилнинг обрўсини мустаҳкамлашга ижобий ҳисса қўшмаслиги аниқ, бундан ташқари, кейинги авлодларни олдинги алифбода (ёки олдинги алифболарда) қайд этилган маълумотлардан ажратиб қўяди.

Лотин алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш заруратига келсак. Тушунтириш хатида, менинг фикримча, амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси билан боғлиқ қандай муаммолар лотин ёзувига тўлиқ ўтишга тўсқинлик қилаётгани ва таклиф қилинган алифбо бу муаммоларни қандай бартараф этилиши борасида аниқ тушунтиришлар берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Таклиф қилинаётган алифбо нимаси билан ҳозирда ишлатилаётган алифбога қараганда ўзбек тилига яқинроқ, тилимиз учун қулайроқ, мукаммалроқ? Таклиф этилаётган алифбо чорак асрга чўзилган янги алифбога ўтиш масаласига нуқта қўйишга қодирми? Икки алифбо ўртасидаги аросатга барҳам бериш ўрнига, биз энди учта алифбо ўртасида сарсон бўлмаймизми? Бироз вақт ўтгач, таклиф қилинаётган алифбодаги муаммолар ҳақида саволлар туғилмайдими? Афсуски, лойиҳа муаллифлари бу саволларни очиқ қолдирганлар.

Бу саволлар асло йўқ жойда туғилмаган ва улар фақат менда туғилаётгани ҳам йўқ. Масалан, Facebook ижтимоий тармоғидаги «Ўзбек тили жонкуярлари гуруҳи»да «sh» ва «ch»ни алмаштириш қанчалик зарур, «oʻ» ва «gʻ»ни тўғри киритиш учун клавиатура ишлаб чиқиш мумкин-ку, сингари саволлар ўртага ташланган. Бу каби саволлардан қочиш ярамайди, уларга асосланган жавоблар бериш керак. Ахир алифбо ва имло масаласи, юқорида таъкидлаганимдек, барчага дахлдор.

Менинг фикримча, агар амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қайсидир маънода нуқсонли, ўзбек тилидаги барча маъноларни етказа олмайдиган бўлганида эди, шу вақт ичида, биз ҳужжатларни бу алифбода чоп эта олмасдик, китоблар, дарсликлар, газеталар, журналлар нашр эта олмасдик, эълонлар ёзолмасдик, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилолмасдик, сайтларни лотин ёзувида саҳифалай олмасдик. Ахир, бундай эмас-ку.

Қулайлик ёки гўзалликка келсак, бу тушунчалар нисбийдир. Бир томондан, амалдаги лотин алифбоси ҳар қандай компьютерда ёки смартфонда мавжуд бўлган стандарт QWERTY клавиатурасида матн териш имкониятини яратиши билан қулайдир. Диактрик белгили ҳарфларни эса алоҳида ўрнатиш керак. Бундан ташқари, агар «ş» ёки «ç» ҳарфлари клавиатуранинг турк ёки озарбайжон нусхаларида (раскладкаларида) мавжуд бўлса, амалдаги «oʻ» ёки «gʻ»нинг ўрнига таклиф қилинаётган ҳарфларни эса (устида тўғри чизиқли (макрон белгили) «o» ва «g») ҳали излаб кўриш керак. Википедиядаги маълумотларга кўра, лотин ёзувидан фойдаланадиган бошқа тилларнинг алифболарида бундай ҳарфлар йўқ.

Кўплаб эълон ёки тахталарда хатоларни кўриш мумкин. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Бошқа томондан, сўзлардаги тескари апострофларнинг (бир тирноқларнинг) кўплиги (масалан, «qo‘rg‘on») сўзларни идрок этишни қийинлаштириши, айримлар учун бундай ёзиш хунук кўриниши мумкин. Бундан ташқари, масалан, ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларни кузатсак, кўпчилик «oʻ» ва «gʻ» ҳарфларини ёзишда тескари вергул ўрнига бошқа ҳар хил белгиларни ишлатиб, хатога йўл қўяётганларини пайқаш мушкул эмас.

Филолог сифатида, алифбонинг таклиф қилинаётган версияни таҳлил қилар эканман, уни ишлаб чиқишда қайси тамойилга амал қилинганлиги мен учун мавҳум қолди. Агар муаллифлар «бир товуш — бир ҳарф» тамойилига амал қилишган десак, бу тамойилга доим ҳам амал қилинмаган. Маълумот учун: бу тамойилга кирилл ёзувига асослан ўзбек алифбосида ёки амалдаги лотин алифбосида ҳам амал қилинмаган (юқоридаги «ж» ва «нг» билан боғлиқ мисолларга қаранг).

Диактрик белгиларни танлаш тамойили ҳам тушунарсиз. Агар биз алифбога диактрик белгили ҳарфларни киритишга қарор қилган бўлсак, нима учун битта клавиатура тартибида (раскладкасида) мавжуд бўлган ҳарфлардан фойдаланиш мумкин эмас? Шундай қилсак, матн териш осонлашарди-ку?

Бошқа қизиқарли томони. Таклиф қилинаётган алифбода «с»дан ясалган «ç» мавжуд, аммо «с» ҳарфининг ўзини киритмасликка қарор қилинган. Бу алифбони ўрганишда муаммолар туғдирмайдими?

Алифбо — бу ёқмаган пайтда алмаштириш мумкин бўлган кийим-кечак ёки техника эмас. Акс ҳолда, немислар, эҳтимол, давлатлари номи — «Deutschland» (Германия) сўзида биргина «ч» товуши учун тўртта ҳарфни ёзишга мажбур қиладиган алифбони аллақачон ўзгартирган бўлар эдилар.

Алифбони, ҳаттоки ундаги айрим ҳарфларни ўзгартириш, катта бюджет харажатларидан ташқари, авлодлар ўртасида узилишга, тўпланган билимлар базасидан фойдаланиш имкониятининг йўқолишига ва тилнинг ривожланишидаги маълум бир секинлашишларга олиб келади, шунингдек, одамларнинг тилга бўлган муносабатини ўзгартиради.

Эҳтимол, 1993 йилда лотин алифбосига ўтиш қарори сиёсий сабабга эга эди. 1995 йилда алифбога киритилган ўзгартиришлар ортида ҳам сиёсий сабаблар турган бўлиши мумкин. Аммо алифбони ўзгартириш масаласи маълум вақтдан кейин яна пайдо бўлишини истамасак, алифбо ва имло билан боғлиқ масалаларни сиёсийлаштирмаслик керак. Ҳар қандай қарор, ҳар қандай ўзгариш аниқ илмий асосланган, пухта ўйланган бўлиши керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.