«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида» ги Қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди.

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган, 28 ҳарф ва 1 та ҳарфлар бирикмасидан иборат ўзбек алифбоси жорий этиш кўзда тутилган.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти мазкур қонун лойиҳаси юзасидан расмий муносабат билдирди.

Департамент амалдаги Ў, Ғ, Ш, Ч ҳарфларига тўхталиб ўтди.

«Ў ёки Ғ ҳарфлари ёзиш учун компьютер клавиатурасида 6 та (аввал О ёки Г, кейин: альт 0145) тугма босилади.Туркий тилли оилага мансуб ўзбек тилида битта товушни англатувчи ш ва ч ҳарфлари учун иккита ҳарф белгиланган. Бу ҳеч бир туркий давлатлар амалиётида йўқ. Халқимиз тарихда фойдаланган араб, лотин, кирилл ёзувлари ҳам „бир товушга — бир ҳарф“» тамойилига асосланган, дея таъкидлади департамент.

Департамент қайд этишига кўра бунинг натижасида:

  • алифбодаги ушбу ҳарфлар сабабли каттароқ ҳажмдаги матнни ўқиш ва ёзиш қийинлигича қолмоқда. Бу ўз навбатида, Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг оммалашишига салбий таъсир қилмоқда;
  • лотин ёзувида ўқиган ёшлар орасида саводсизлик кучайиб, ёзма нутқда соддароқ белги («ў» нинг ўрнига «6», «ч» нинг ўрнига «4», «ш» нинг ўрнига «w») дан фойдаланиш авж олган;
  • миллий алифбодаги мураккабликлар туфайли кўпчилик битирувчи ёшлар меҳнат фаолиятларини кирилл алифбосида давом эттиришга мажбур бўлмоқда;
  • алифбодаги мураккаб ҳарфлар туфайли ўзбек тилини «рақамлаштириш», интернет тилига айлантириш имкони бўлмаяпти ва ҳ.к.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш вазифаси белгилангани, миллий алифбонинг қулайлаштириб, максимал даражада соддалаштириш эҳтиёжини яратгани айтилмоқда.

Бундан ташқари департамент таъкидлашига кўра, алифбодаги 4 та ҳарф ўзгариши ўқувчи ёшларнинг саводи даражасига салбий таъсир қилмайди. Чунки ҳозирда Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ҳаракатлари бошланган. Жуда кўп дарслик ва қўлланмалар янгидан тайёрланади ва чоп этилади.

Шу билан бирга, дарсликларнинг фойдаланиш муддати тугаб, янгилари чоп этилгунча амалда бўлади (дарсликларининг фойдаланиш муддати ўртача 3 йил. Демак, 2023 йилдан ўқувчилар тўлиқ янгиланган алифбода савод чиқаради. Бу эса мамлакатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш муддатига мос келади, дейилади баёнотда.

Алифбодаги шаклий ўзгаришлар ўқувчиларнинг саводига ижобий таъсир қилиши кутилмоқда. Бунинг сабаби:

  • замонавий гаджетлар клавиатураларида ўзбек тилининг барча ҳарфлари бўлади;
  • давлат тилининг рақамлашуви тезлашиб, интернет тармоғида таълим порталлари сони ортади;
  • транслитерация дастурлари туфайли кирилл алифбосидаги адабиётларни миллий алифбога тезкор ва хатосиз ўгириш ва ўқиш имкони пайдо бўлади;
  • катта авлодга мансуб фуқароларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси имлосини ўзлаштириши тезлашади, бу эса халқимизнинг ягона ёзув атрофида жипслашувига олиб келади;
  • ўзбек тили табиатига мос, Ўзбекистондаги ва хориждаги ватандошларнинг ягона ёзув атрофида бирлаштирадиган алифбо бўлади ва ҳ.к.

Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори 4-бандида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш билан боғлиқ масалалар вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан Давлат бюджетидан ажратилган, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.

Алифбога шаклий ўзгаришлар кирган тақдирда дарслик ва қўлланмалар ижрочилар томонидан ҳар йили шакллантириладиган режа асосида навбати билан нашр этилади.

Хабарга кўра, ахборот кутубхона марказларида амалдаги адабиётлар алифбодаги шаклий ўзгариш туфайли фойдаланишдан чиқарилмайди (шу кунга қадар кутубхоналарда турган кирилл ёзувидаги адабиётлар сингари). Аксинча, янги чоп этилаётган адабиётлар билан босқичма-босқич бойитиб борилади.

Ўзгаришлар берадиган қулайлик туфайли бир ёзувдан бошқа ёзувга ўгирадиган транслитерация дастурлари кирилл алифбосида чоп этилган адабиётларни босқичма-босқич лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги электрон кўринишларини яратиш имконини беради, кутубхоналарнинг электрон фонди кенгайишини таъминлаши кутилмоқда.

«Лойиҳа юзасидан тилимиз ривожига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкин. Лойиҳа юзасидан тўпланган жамоатчилик таклифлари мамлакатдаги етук тилшунос олимлар иштирокида жорий йилнинг апрель ойи бошида ўтказиладиган илмий анжуман кун тартибига қўйилади, асосли таклиф ва тавсиялар инобатга олинади ва якуний тўхтамга келинади», — дейилади хабарда.