Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтган, «Амирсой» сиҳатгоҳига олиб борувчи йўлнинг 3-километрида, 19−20 пикетида йўл чўкиш ҳолати юзасидан Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, март ойида «Амирсой» тоғ-чанғи курорти ҳудудида кўп миқдорда қор ва ёғингарчилик кузатилиб, намгарчилик меъёридан ортиши сабабли ҳудуддаги грунт ва тоғ жинсларида геологик силжиш содир бўлган. Автомобиль йўли ва йўлга ёндошган қияликлар лёссимон тоғ жинсларидан (суглинкалар, супеслар) ва сунъий тўлдирилган тоғ жинсларидан ташкил топган, остида неоген ётқизиқлари песчаник ва алевролитлар тарқалган.

Мазкур геологик силжиш оқибатида кўчки ёриқларидан таҳминан ҳажми 50 000 м³ гача бўлган кўчки фаоллашган.

Ўзбекистон Республикаси хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизматининг маълумотларига кўра, ушбу ҳудудда хавфли геологик жараёнлар фаоллашишининг реал хавфи туғилиб, кўчки ёриқларида 6 март кунидан бошлаб олиб борилган кузатиш натижалари ва ўрнатилган топогеодезик реперлар кўрсаткичига кўра, суткасига 10−20 см гача сурилиш, 1,0 м гача чўкишлар давом этмоқда.

«Амирсой» ҳудудига олиб борувчи автомобиль йўлининг 15−16 пикет, 19−20 пикет ва 33−34 пикет оралиқ қисмларида вақтинчалик йўловчи ва автотранспорт воситалари ҳаракати чекланган.

«Мазкур ҳолат ҳозирда турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин этилаётганлиги кузатилмоқда. Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз тоғ ва тоғ олди ҳудудларида бу каби жараёнлар мунтазам равишда содир бўлиб туради. Тоғ жинсларининг силжиши, кучли сел келиши, грунтнинг ўта даражада меъёридан ортиқ намланиши таъсирида грунт кўчкиси ва бошқа табиий офат оқибатлари натижасида йўлларнинг вақтинча бир неча кунлаб ёпилиб қолиш ҳолатлари кузатилади», — деб қўшимча қилди қўмита.

Ҳозирда «Амирсой» тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳудудида содир бўлган табиий ҳодиса Ўзбекистон Республикаси хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари билан биргаликда жойида ўрганилмоқда, дейилади хабарда.