Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида журналистлар билан бўлган мулоқот чоғида Ўзбекистондаги ислоҳотларни янада жадал ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган учта асосий муаммога ҳам тўхталди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Ҳозирги ислоҳотларимизни, катта-катта марраларимизни амалга оширишда тўсиқ ва камчиликлар иккита-учтадан иборат», — деди президент.

«Биринчиси, кадрлар масаласи. Мен бунга деярли ҳар бир чиқишимда тўхталаман. Хабарларингиз бор, аравани тортмаётган, бугунги талабларга жавоб бермаётган амалдорларни ишдан оляпман».

«Биз йиллар давомида мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим соҳаларига жиддий эътибор бермадик. Шу боис ҳам кадрлар масаласи бугунги кунга келиб, асосий муаммолардан бирига айланди. Уч йилдан буён таълим соҳасига катта аҳамият қаратяпмиз. Бугунги ҳаракатларимиз яқин йилларда ўз самарасини беради ва кадрлар масаласи ҳам ечим топади, деган умиддаман», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Иккинчи муаммо, оёғимизга кишан бу — коррупция. Коррупция оёғимиз тагида юрибди. Илк бор коррупцияга қарши курашадиган агентлик туздик, қурилиш, тиббиёт каби бир қанча соҳаларда «коррупциясиз соҳа» тизимини жорий қилишга киришдик. Яқинда коррупция бўйича жуда катта қарор чиқади. Бу ҳаракатларимиз ҳам маълум вақт ўтиб, ижобий самара кўрсатишига ишонаман.

Учинчи тўсиқ бу — кўплаб давлат идоралари раҳбарларининг савияси, ишлаши, билими бугунги замон талабида эмас. Шунинг учун ҳам замонавий дунёқарашга эга, билимли, фидоий ёшларни раҳбарликка тайинлаяпман. Аммо бу борада ҳам ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп", — деди президент.