Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши юзасидан суд жараёнларида унинг кўрсатуви тингланди. Адвокат Хушнуд Аҳроровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Йўлдошева марҳум Фаррух Рустамовнинг ўлимига алоқаси йўқлиги ҳамда дастлабки тергов органи томонидан айблов асоссиз қўйилганини таъкидлаган.

«Судланувчилар Шейхназар Рўзметов ва Жаҳонгир Зиядуллаев кўрсатувларидан сўнг Гулжаҳон Йўлдошева ўз кўрсатувларини бошлади. У дастлаб Рустамов билан боғлиқ бўлган эпизод (19 эпизод) бўйича кўрсатув берди. Рустамовнинг у раҳбарлик қилаётган шифохонадан руҳий асаб касалликлари шифохонасига жўнатилган вақтда у ишдан дам олиш имкони мавжудлиги ҳамда фарзанди бетоблиги сабаб уйда бўлганини айтди. У ишга эрталаб қайтиб келгач, Рустамов жўнатилгани ва руҳий касалликлар шифохонасида вафот этгани ҳақида хабар топганини баён этди», — деди адвокат Хушнуд Аҳроров.

Адвокат Хушнуд Аҳроров. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Аввалги суд мажлисларида Шейхназар Рўзметов марҳумнинг касаллик тарихидан кўчирма ёзиб бергани ва уни руҳий касалликлар шифохонасига ўтказилишида Йўлдошевадан буйруқ олмаганини таъкидлаган. Қолаверса, Рўзметов кўчириш бўйича рухсат берилганини Жаҳонгир Зиёдуллаев ва Aкмал Aъзамов, диспансердан бош шифокор ўринбосари Фахриддин Ёрбозоров орқали билган.

Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати у ушбу айблов сабаб бир ойдан ошиқ вақт давомида қамоқда ушлаб турилганини қўшимча қилган. Судланувчи эса беморларни кечаси кўчириб ўтказишга ҳеч қачон рухсат бермагани, фақат кундузи бошқа шифохонага олиб кетишга буйруқ берилишини қайд этган. Қолаверса, Рустамов сунъий нафас олдириш аппаратига улангани боис уни бошқа шифохонага ўтказишнинг ўзи мантиқсиз эканини ва бунга сабаб қилиб, шифохонада махсус аппарат билан жиҳозланган тез ёрдам машиналари мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

ЖИБ Чирчиқ шаҳар суди раиси Суннатилло Авлақулов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Бундан ташқари, Тошкент вилояти бош инфекционисти унга қўйилган иқтисодий айбловлар бўйича ҳам кўрсатув берган.

«Иқтисодий жиноятлар бўйича тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда дастлабки тергов органи томонидан айблов асоссиз қўйилгани, бу пул қийматликлари ўзлаштирилмагани ёки талон-торож қилинмагани, балки тегишлигича, қонун доирасида 12 соатдан ошиқ ишлаган бўлсада, ойлик иш ҳақида, устама ва навбатчилик учун тўлаб берганини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилди», — дея қайд этди адвокат.

Kun.uz эълон қилган видеода Гулжаҳон Йўлдошева давлат даъвогари томонидан нотўғри ҳисоблашларга йўл қўйилганини таъкидлаган. «Умумий эътирозларим бор. Иқтисодий эпизодларни яхлитлаштирганда жами 367 млн 664 минг 720 сўм чиқмоқда. Давлат даъвогарига судда сўз берилганида 339 млн 226 минг сўм, дея айтган эди. Бу бир-бирига тўғри келмаяпти», — деган судланувчи. У, шунингдек, иқтисодий эпизодлар бўйича битта ҳолатни бир неча маротаба қайта ёзиш ҳолати мавжудлиги ва бу маблағларни ошириб, кўпайтирилишга сабаб бўлганини айтди.

Давлат айбловчилари Ниғмонов ва Қурбонбоев. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Газета.uz» мухбирининг маълум қилишича, 17 декабрь куни навбатдаги суд мажлисида Гулжаҳон Йўлдошевага унинг кўрсатувлари юзасидан давлат айбловчилари ҳамда адвокатлар аниқлаштирувчи саволлар беришган. Йўлдошева карантин даврида шифохонага тегишли компьютер, принтер ва планшетни уйига олиб кетиб ишлатгани, кейинчалик эса яна шифохонага қайтаргани, планшетни эса одатда ўзи билан зарурият юзасидан олиб юришини айтди.

Қолаверса, судланувчи ошхона фаолияти аутсорсингга берилгани ва давлат айбловчилари айтаётгандек 31 млн сўмдан ортиқ камомад эмас, балки 41 млн сўм иқтисод қилинганини қайд этиб, бунинг исботи акс этган ҳужжатларни судга тақдим этди. Шунингдек, пуллик хизматлардан тушган даромад ва шифохона маблағлари ҳисобидан ходимларни ижтимоий рағбатлантиришга 50 фоиздан кўп пул ажратилмагани, балки, 2019−2020 йил ҳисобига жами 65 фоиз миқдорда маблағ йўналтирилганини таъкидлади.