Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши юзасидан суд жараёнларида унинг кўрсатмаси тингланди. Унинг адвокати Хушнуд Аҳроровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Йўлдошева марҳум Фаррух Рустамовнинг ўлимига алоқаси йўқлигини айтган.

«Аввалги суд мажлисларида айбланувчи сифатида иштирок этаётган бошқа шифокорлар ҳам Гулжаҳон Йўлдошева марҳумнинг бошқа шифохонага кўчирилишида тўғридан-тўғри аралашмаганини айтишган эди. Ўтган галги судда Йўлдошева маҳрумнинг руҳий-асаб касалликлари диспансерига ўтказилишида умуман иштирок этмагани ва у вақтда Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлмаганини маълум қилди», — деди адвокат Аҳроров.

Йўлдошеванинг адвокати у ушбу айблов сабаб бир ойдан ошиқ вақт давомида қамоқда ётганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Гулжаҳон Йўлдошева ва яна тўрт нафар шахсга оид жиноят иши бўйича суд 27 ноябрда бошланган эди. Суд Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чорасини ўзгартиришни рад этган эди.

Маълумот учун, 10 август куни фуқаро Ш. Минбаев Чирчиқ прокуратурасига қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилиши оқибатида 2 сентябрь куни соғлиғи ёмонлашиб вафот этганини маълум қилган. Шундан сўнг, Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева 250 млн сўмдан зиёд маблағларни талон-торож қилиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш айблари билан қамоққа олинганди. У 8 сентябрь куни Чирчиқдаги гўзаллик салонида қўлга олинган. Саида Мирзиёева Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жазо чорасини ўзгартиришни сўрагач, у уй қамоғига ўтказилди. Ўшанда худди шундай сўров Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам билдирилган эди.