Ўзбекистон коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Хаджибаев Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабхат билан учрашувда айтиб ўтди.

Вазирлик ахборотига кўра, «элчи президент раҳнамолигида мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади, шу сабабли касаллик тарқалиши ҳозирги вақтда сезиларли даражада камайганини эътироф этди».

Ўз навбатида, вазир ҳозирда вазиятнинг барқарорлиги ҳотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини қайд этди.

«Кўпгина бошқа мамлакатлар тажрибасига кўра, COVID-19`нинг иккинчи тўлқинидан қочиб бўлмайди, деган тушунча мавжуд. Бунинг учун мамлакатда унга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган 150 дан ортиқ шифохонадан айни пайтда 40 га яқини фаолияти кўрсатаётгани, қолганлари зарурат туғилганда яна коронавирус билан касалланган беморларни қабул қилишлари учун сақлаб қолингани айтиб ўтилди», — дейилади вазирлик маълумотида.

Маниш Прабхат ҳозирда Ҳиндистон коронавирусга қарши 3 та вакцина яратиш устида иш олиб бораётгани, улардан 2 таси иккинчи, биттаси эса учинчи босқичда синовдан ўтказилаётганини айтди. Элчи келажакда Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам ушбу ҳинд вакциналари фойдали бўлишини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, элчи талабалар алмашинуви дастури бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан таклифларини билдирди. Жумладан, Ҳиндистон ёшларининг Ўзбекистондаги тиббиёт ОТМларида ўқишга қизиқиши тобора ортиб бораётгани қайд этилган.