Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесилишига жорий қилинган мораторий муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилган.

Қўмита вакилининг таъкидлашича, дарахт кесилишига энг катта таъсир қурилиш объектларида учрамоқда. «Қурилиш борки, ҳеч бўлмаганда битта дарахт кесилиш ҳолати учрайди. Мораторийни узайтириш билан бирга, қурилиш объектларига тавсиялар ва талаблар қўйилиши режалаштирилган», — деди қўмита ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев.

У шунингдек, мораторий даврида нафақат дарахтларни кесишни чеклаш, балки, уларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзланганини қайд этди. Маълум бўлишича, шу йили Бобур парки ҳудудида дронлар ёрдамида зараркунанда ҳашоротларга қарши трихограмма уруғи сепилган, қолаверса, кимёвий стимулятор воситалари орқали чириш арафасидаги дарахтларни соғломлаштириш бўйича тажрибалар ҳам ўтказилган.

Президентнинг 2019 йилдаги 30 октябрдаги [ПФ-5863-сон] фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар мораторий жорий этилган эди. Ушбу ҳужжат билан мораторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига дарахт ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига рухсат бериши ман этилган эди.

Мораторий амал қилиш муддати тугамасдан, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ бир қанча ҳолатлар қайд этилган эди. Май ойида Сурхондарёда фуқаро автосервис қуриш мақсадида 35 туп қарағай дарахтини кесгани учун 165,5 млн сўм миқдорида жаримага тортилган. Июлга келиб, Давлат экология қўмитаси Тошкент марказида кўп йиллик чинорлар ноқонуний равишда каллаклаб ташланганини тасдиқланганди. Воқеа жойига пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам ташриф буюриб, муаммони суд орқали ҳал этиш лозимлиги ва ким ноҳақ бўлса, ўша қонун олдида жавоб бериши кераклигини таъкидлаган эди. Июль ойида шу каби ҳолат, Нурафшонда ҳам кузатилди. Унда йўл четидаги 37 туп дарахт, шундан 26 туп кўп йиллик чинорлар кесиб ташлангани ва зарар 1,1 млрд сўмни ташкил этгани аниқланган.

Шу кунларда «Туркистон» саройи атрофидаги дарахтларга белги қўйилгани ва улар кесилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Давлат экология қўмитаси белги қўйилган дарахтлар имкон қадар кесилмаслигини, ўсимлик зараркунандалари ва табиий омиллар таъсирида зарарлангани, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган дарахтларга махсус белги қўйилганини маълум қилган эди.