Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида автосервис қуриш учун 35 туп қарағай дарахтини кесган фуқаро 165 577 500 млн сўм миқдорда жаримага тортилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.


Қайд этилишича, туманнинг «Боғиобод» маҳалласида яшовчи фуқаро Н.И. Ўзбекистон президентнинг фармони билан 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилишига қарамасдан, маҳалла ҳудудидаги болалар уйингоҳи ёнида собиқ ширкат хўжалиги даврида экилган кўп йиллик ўсувчанлигини йўқотмаган жами 35 (ўттиз беш) туп қарағай (сосна) арча дарахтини автосервис қуриш мақсадида кесиб ташлагани маълум бўлди.


«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуннинг 37-моддасига талабларини бузганлиги учун ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари — 1 115 000 сўм миқдорида маъмурий жаримага тортиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик натижасида ўсимлик дунёсига етказилган 164 462 500 (бир юз олтмиш тўрт миллион тўрт юз олтмиш икки минг беш юз) сўм зарарни тўлаш мажбурияти юкланди.