Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкентда «Ўзбекистон почтаси» биноси яқинида, Олой ва Шаҳрисабз кўчалари чорраҳасида кўп йиллик дарахтнинг ноқонуний каллакланиши ҳолатини аниқлади.Фото: Наталия Шулепина / Sreda.uz.

Кўп йиллик чинорнинг каллакланиши билан боғлиқ вазиятга журналист Абу-Али Ниёзматов эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Мирзо Улуғбек туман ободонлаштириш бошқармаси вакиллари дарахнинг қуриган шохларини кесиш вақтида соғлом шохларини ҳам кесиб ташлаган. Бундан ташқари, юк машинаси тиркамасида бошқа дарахтларнинг ҳам кесилган шох-шаббалари бўлган.

Дарахтни каллаклаш вақтида шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспектори ҳам бўлган ва каллаклаш тўғрисидаги қарорнинг қонуний эканини қайд этган.

Ҳолат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг пойтах ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳодиса жойига келди. У инспектор ва журналистга мурожаат қилиб, масалани суд орқали ҳал қилишни таклиф этди.

«Агар сен (инспектор — таҳр.) экологни олиб келиб, ҳақ эканингни исботласанг, уни судга бер. Агар у (журналист — таҳр.) исботласа, сени судга берсин. Лекин билмасдан туриб кесмаслик керак. Сиз ҳам буни бўш гапларга айлантирманг. Агар дарахтларни нотўғри кесган бўлса, уни (инспекторни — таҳр.) ҳимоя қилмайман. Агар сиз дарахтларни нотўғри кесган бўлсангиз, менга бундай одам керак эмас. Агар сиз тўғри кесган бўлсангиз, халққа бундай блогер керак эмас», — деди у.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига дарахтларни кесишда шаффофликни таъминлаш, манфаатдор шахсрларни олдиндан хабардор қилишни топширди. Шаҳар ҳокими беш кишидан иборат жамоат комиссиясини тузиш, уларга дарахтни кесишни тасдиқлаш ёки қарорни бекор қилиш ҳуқуқини беришни таклиф қилди. У фуқаролардан дарахтларни кесишга эътибор қаратиш ва тегишли тузилмаларни хабардор қилишни сўради.

Кейинроқ Ободонлаштириш бошқармаси вакили Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Абдулазиз Абдулҳакимов томонидан имзоланган давлат фондига кирмаган дарахтларни санитар буташ тўғрисидаги рухсатномани тақдим этди.

Экожурналист Наталия Шулепина ҳоким ўринбосари Вазирлар Маҳкамасининг давлат фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни буташга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини белгиловчи қарори (№255) талабларини бузганини қайд этди. Шунингдек, рухсатномада буташ бўйича аниқ манзил кўрсатилмаган. Рўйхатда эса 28 туп дарахт — 12 туп арча, 8 туп чинор, 1 туп шумтол, 1 туп заранг, 1 туп эман кўрсатилган.

Унигн сўзларига кўра, Экология қўмитаси экологларига Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари муҳри ва имзолари бўлмаган, бироқ кесиладиган манзиллари кўрсатилган бошқа бир рўйхатни тақдим этишган.

Қуриган ва авария ҳолатидаги дарахтларни санитар кесиш учун рухсатнома. Биринчи саҳифада 28 туп дарахт кўрсатилган, манзиллар кўрсатилган иловада эса — 30 туп. Эътиборлиси, манзиллар кўрсатилган иловада Олой ва Шаҳрисабз кўчалари чорраҳасидаги чинор кўрсатилмаган. Фото: Экология қўмитаси.

Экология қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев «Газета.uz»га қўмита Олой ва Шаҳрисабз кўчалари чорраҳасидаги дарахтларни кесиш бўйича хулоса бермаганини маълум қилди.

«Туш вақтида мен мурожаатни олдим, дарахт кесилган жойга тахминан 15:00 да бордик. Тушгача ҳоким ва бошқалар боришган экан. Биз ўрганишга киришдик, ҳужжатларни текширдик. Ободонлаштириш бошқармасидан уларда дарахтларни кесишга рухсатнома ва Экология қўмитаси инспекторлари хулосаси борлигини айтишди. Биз улардан хулосани талаб қилдик, у бошқа манзилга берилган бўлиб чиқди. Экология қўмитаси ушбу манзилда дарахт кесишга ҳеч қандай хулоса бермаган», — деди у.

Гувоҳлар иштирокида баённома тузилиб, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди, моторли арра эса далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Кесилган дарахтлар сони, зарар ва жарима миқдори вазият ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўрганилганидан кейин аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий этилган. У табиий омиллар ёки заракунандалар таъсирида зарарланган, касалланган ёки қуриган, шунингдек, одамлар хавфсизлиги ва саломатлиги, мол-мулкларга хавф солаётган дарахт ва буталарни санитар буташ ва кесишга тааллуқли эмас.