Тошкентдаги «Туркистон» саройи атрофида махсус белги остига олинган дарахтлар имкон қадар сақлаб қолинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабар қилди.

Қўмита маълумотига кўра, пойтахтнинг марказий кўчаларидаги дарахтлар ҳолатини аниқлаш мақсадида ноябрь ойида Давлат экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Навоий кўчаси бўйлаб табиий омиллар ёки ўсимлик зараркунандалари таъсирида зарарланган, ўзининг биологик ёшини ўтаб бўлган, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган дарахтлар ўрганилиб, махсус белгилар қўйилган, дейилади хабарда.


Шу асосда мазкур дарахтларни даъволаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бунда ҳар бир дарахтга индивидуал ёндашиб, имкон қадар сақлаб қолиш, янги кўчатларни экиш режалаштирилган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий этилган. У табиий омиллар ёки заракунандалар таъсирида зарарланган, касалланган ёки қуриган, шунингдек, одамлар хавфсизлиги ва саломатлиги, мол-мулкларга хавф солаётган дарахт ва буталарни санитар буташ ва кесишга тааллуқли эмас.