2019 йил сентябрь ойининг охирида Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод қилинган Абдурасул Вахобов в.б. сифатида ушбу лавозимга қайтарилди.

Абдурасул Вахобовнинг ишдан бўшатилишига унинг Kun.uz мухбирларига ҳужум қилганликда айбланиши сабаб бўлган эди. Ҳоким ўринбосари видеомурожаатида журналист Раҳматилла Исроилов ўзини ғалати тутгани, ер ажратишда ёрдам сўраганлиги, пул таклиф қилгани ва салбий материалларни нашр этиш билан таҳдид қилгани айтилган.

Фото: Kun.uz.

Раҳматилла Исроилов унинг сўзларини туҳмат деб атади. Нашр Ўзбекистон Бош прокуратурасига Абдурасул Вахобовга нисбатан чора кўриш тўғрисида баёнот юборди.

Тошкент шаҳар прокуратураси жиноий иш очимасликка қарор қилди. Кейин Бош прокуратура шаҳар прокуратурасининг иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилди ва ишни қайта кўриб чиқишга юборди.

Журналистлар билан учрашувда Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари Алиакбар Пўлатов ҳоким ўринбосарининг журналистга қарата айтган сўзлари туҳматми деган саволга аниқ жавоб бера олмади. Унинг таъкидлашича, тергов якунларига кўра, прокуратура ишдан бўшатиш қарори борасида ҳокимиятда 20 йилдан бери хизмат қилаётган ходим учун етарлича оғир жазо дея хулосага қилган.

Фото: Xabar.uz.

2 ноябрь куни Xabar.uz нашри ҳоким ўринбосари в.б. Абдурасул Вахобовнинг имзоси қўйилган хат нусхасини эълон қилди. Хатда 2020 йил 1 июль санаси қўйилган. Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ҳокимлиги сайтида туман ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳанузгача бўш.

«Газета.uz» туман ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланганида, у ерда Абдурасул Вахобов кетганидан кейин ҳоким ўринбосари лавозими узоқ вақт бўш тургани ҳақида айтишди.

«Анчадан буён ҳоким ўринбосари лавозимига ҳеч ким қўйилмаётган эди… Ислом цивилизацияси маркази қурилиши сабабли кўплаб бузиш ва қурилиш ишлари бўлди. Аҳоли томонидан порталга [президент порталига] мурожаатлар сони кўпайди. Ечилиши керак бўлган масалалар кўпайгани сабабли у [Абдурасул Вахобов] вақтинча ишга қабул қилинди. Эътибор берган бўлсангиз, у ҳоким ўринбосари вазифасини бажарувчи. Ҳоким ўринбосарини тайинлаш тўғрисида ҳали ҳам қарор йўқ», — дея жавоб беришди ҳокимиятда.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, агар белгиланган вақт ичида аҳолининг порталга қилган мурожаатларига жавоб қайтарилмаса, бу ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланади, бунинг учун ҳокимликларга нисбатан жавобгарлик қўйилади.

Туман ҳокимлиги ҳоким ўринбосарини лавозимига қайта тиклашнинг амалга оширилиши аниқ санаси ҳақида маълумот бермади, аммо «2020 йил май ойида у ҳали бу лавозимда бўлмаган"лигини таъкидлашди.