Республикада узоқ йиллардан бери кенг фаолият юритиб келаётган академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази барча вилоятлардан ва Қоракалпоғистон Республикасидан туғма юрак нуқсони бор болаларни бепул диагностика қилиши ҳақида «Газета.uz»га маълум қилди. Ушбу хайрия акцияси 2 ноябрдан 8 ноябргача ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Дунё статистикаси бўйича янги туғилган чақалоқларнинг 0,8−1,2 фоизи туғма юрак нуқсони билан дунёга келади, яьни Ўзбекистонда йилига 600 минг чақалоқ туғилса, шундан 5000−5500 га яқин чақалоқ туғма юрак нуқсони билан туғилади.

Академик В.Воҳидов номидаги РИХИАТМда туғма юрак нуқсонлари бўлими мавжуд бўлиб, 50 ўринга мўлжалланган. Ҳар йили ушбу бўлимда 750 га яқин туғма юрак нуқсони бор болаларда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказиб келинмокда.

«Акциядан бизни мақсадимиз туғма юрак нуқсонидан азият чекиб келаетган болаларнинг соғлиғини тиклаш ва соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида ўтказилмоқда», — дея маълум қилди академик В.Воҳидов номидаги РИХИАТМ тиббиёт маркази маъмурияти.