Республика махсус комиссияси қарорига кўра, бинолар ва бошқа объектларга киришда дезинфекция туннелларидан фойдаланиш тақиқланди. Бу ҳақда ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев хабар берди.

У қарор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосланиб қабул қилинганлигини таъкидлади. Эндиликда объектларнинг кириш кисмида ташкил қилиш учун қулай жойда тери учyн антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатиш амалиёти жорий этилади.

Сентябрь ойининг бошида Соғлиқни сақлаш вазирлиги дезинфекция тунелларини коронавирусга қарши энг фойдасиз чора, деб атади ва уларнинг инсон соғлиғига бўлган зарарини таъкидлади.

Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разиқова бундай туннелларда ишлатиладига хлорли эритмаларнинг инсон организмига зарарли томонлари ҳақида қайд этган эди.

Бир оздан сўнг Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, эпидемиолог Рустам Икромов дезинфекцион туннелларни ҳимоя қилиб, уларнинг самарали эканлигини ва улардан фойдаланишда давом этиш кераклигини таъкидлади. Хусусан у мамлакатда ўткир ичак юқумли касалликлари ёки Гепатит А касаллигининг камайганлигини дезинфекцион туннеллардан фойдаланишга боғлади.

Май ойининг ўзидаёқ ЖССТ дезинфекция воситаларини ёпиқ биноларда сепиш ёки фумигация қилиш (кимёвий газлар билан зарарсизлантириш) коронавирус ҳолатларида самарасиз эканлиги хақида хабар берган эди. Бундан ташқари, бундай дезинфекция воситалари кўзга зарар етказиши, нафас йўллари ва терига зиён етиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган эди.


Баҳордаги карантин вақтида кўчаларни дезинфекция қилиш ишлари шундай машиналар ёрдамида ҳам амалга оширилди. Фото: «Газета.uz».

Кўчаларни дезинфекция қилиш учун жалб этилган махсус транспорт воситалари эритмаларни кўчадан ўтаётганларга сепишган ҳолатлар ҳам бўлганлиги «Газета.uz»га маълум.