Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги бошқарма бошлиғи, эпидемиолог Рустам Икромов 7 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда дезинфекцион туннеллар бўйича фикр билдириб, уларнинг самарали эканлигини таъкидлади.

Рустам Икромовнинг таъкидлашича, «дезинфекцион туннелларнинг умуман фойдаси йўқ дейиш — бу жуда осон баҳолаш билан баробар».

«У туннелларни бутунлай самарасиз, деб аташдан йироқ бўлардим. Биргина шу ўткир ичак юқумли касалликлари ёки Гепатит А касаллигининг 2019 йил шу даврига нисбатан солиштириб айтадиган бўлсак, ўткир ичак юқумли касалликлари 61 фоизга, гепатит А эса 76 фоизга камайганлигининг ўзи дезинфекцион туннеллардан самарали ёрдамчи восита сифатида фойдаланиб келинаётганлигини исботлаб беради», — дейди бошқарма бошлиғи.

Рустам Икромовнинг айтишича, дезинфекцион туннелларни бутунлай самарасиз деган ҳеч қандай илмий мақолалар ёки нуфузли идораларнинг кўрсатмалари бугунги кунгача якуний хулоса сифатида берилмаган. «Яъни, бу айрим манбаларда самарасиз деб кўрсатилаяпти, айрим манбалар унинг айнан ёндош юқумли касалликларга нисбатан самараси юқорилигини билдиришяпти».

«Энди бугунги кундаги рухсат берилаётган соҳалар, мактаб ва боғчаларда дезинфекцион туннелларнинг ўрнатилмаслигига эътибор қаратганмиз. Сабаб шундаки, болаларда шиллиқ қават катталарникига нисбатан нозик ҳисобланади ва дезинфекцион эритмаларнинг таъсири кучлироқ бўлади. Лекин умумий фойдаланиш жойларида, бозорлар ва савдо мажмуаларида ҳам ўрнатилган, ва бунинг шу пайтгача ҳеч қандай зарарли томони исботланган мақола йўқ. Ўз навбатида биз бундан ёрдамчи восита сифатида фойдаланишда давом этишимиз керак бўлади», — деди Рустам Икромов


Аввалроқ, 6 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги дезинфекция туннелларининг коронавирусга қарши курашда энг фойдасиз восита эканлиги ҳақида хабар берган эди.

«Газета.uz» ЖССТ манбаларига таяниб, дезинфекция воситаларини ёпиқ биноларда сепиш ёки фумигация қилиш (кимёвий газлар билан зарарсизлантириш) коронавирус ҳолатларида самарасиз эканлиги хақида хабар берган эди.