Дезинфекция воситаларини ёпиқ биноларда сепиш ёки фумигация қилиш (кимёвий газлар билан зарарсизлантириш) коронавирус ҳолатларида самарасиз, дея маълум қилди РИА Новости ЖССТнинг COVID-19 муҳитида атроф-муҳитни тозалаш ва дезинфекция қилиш бўйича вақтинчалик қўлланмасига таяниб.

Коронавирусдан бундай йўл билан ҳимояланиш кўз, нафас йўллари ва тери қопламаларига зарар етказиши мумкин, дейилади ҳужжатда.

Қандайдир сатҳни дезинфекция қилиш керак бўлса, буни махсус моддага ботириб олинган латта билан амалга оширган маъқул. Алоқасиз дезинфекция қилишда эса юза аввал чўтка ёрдамида органик ифлосликлардан тозалаб олиниши керак, дея эслатиб ўтди ташкилот.

ЖССТ кўча ёки бозорларга ҳам дезинфекцияловчи воситаларни сепмасликни маслаҳат бермоқда. Чунки улар ифлослик ёки чиқиндилар устига тушган тақдирда таъсирини йўқотади. Пиёдалар йўлакларини фумигация қилиш янаям самарасиз, чунки бунда газлар ишлов берилаётган вақтда юзаларни тўлиқ қопламайди ва патогенларни бартараф этмайди. Бундан ташқари, кўчалар ва йўлаклар COVID-19 заррачалари концентрация бўладиган жойлар ҳисобланмайди.

«Дезинфекцияловчи воситаарнинг одамларга (масалан коридорлар, кабинетлар ва бошқа биноларда) сепилиши ҳеч қандай ҳолатда ҳам тавсия қилинмайди. Бу жисмоний ва руҳий нуқтаи назардан зарарли ҳамда касаллик юқтирган одамдан ҳаво-томчи йўли ёки тўғридан-тўғри алоқа қилишда инфекция тарқалишини камайтирмайди», — дейилади ҳисоботда.