Hashar week «Ахлатингиз билан ёрдам беринг» ташаббусини илгари сурди. Бу ҳақда ташкилотчилар «Газете.uz»га хабар берди.

Тошкент аҳолиси еттита йиғиш пунктида пластик ва қоғозни топширишлари мумкин, иккиламчи хом ашёни етказиб беришдан тушадиган барча маблағлар муҳтожларга озиқ-овқат ва дори-дармон сотиб олишга сарфланади.

Қайта ишлашга яроқли материаллар сифатида ичимлик, ёғ идишлари, косметика ва маиший кимё идишлари, шунингдек қутилар ва «коробка» картонлари, китоблар, газеталар, журналлар, иш қоғозлари, дафтарлар, блокнотлар, қоғоз қадоқлар ва варақалар (флаер) қабул қилинади. Қайта ишланадиган материаллар ахлатлардан ҳоли, қуруқ ва сиқилган бўлиши керак.

Лойиҳада иштирок этиш учун сиз экопаспорт олишингиз ва чиқиндиларингизни саралашни бошлашингиз керак. Буни қандай қилиш кераклиги ҳақида қуйидаги эслатмада (рус тилида) тушунтирилган.

Лойиҳа ҳақида эслатма. Манба: Hashar week

Ташаббуснинг асосий мақсади — алоҳида йиғиш амалиётини жорий этиш орқали аҳолининг экологик маданиятини оширишдир, дея таъкидлашди ташкилотчилар.

Ташаббускорлар таъкидлаганидек, лойиҳанинг биринчи ойида аҳоли 100 кг пластик ва 200 кг қоғоз топширди. Улардан тушган маблағ эвазига бешта камбағал оила бир марталик озиқ-овқат билан таъминланди.

Қайта ишланадиган материаллар учун Hashar week йиғиш пунктлари қуйидаги манзилларда жойлашган:

  • Мироншоҳ кўчаси, 79 (Erkatoy дўкони ортида);
  • Саид Барака кўчаси, 12 («Савдогарбанк» ёнида);
  • Саид Барака кўчаси, 3 (ИИББ поликлиникаси олдида);
  • Шимкент кўчаси, 8 (Bon! қаҳвахонаси тўғрисида);
  • Буюк Турон кўчаси, 73 (Марказий универмаг (ЦУМ — таҳр.) ёнидаги китоб дўконлари ортида);
  • Авлиё ота кўчаси (Миробод бозорининг тўғрисида);
  • Миробод кўчаси, 37 («Госпитальный» мавзеси, 328-сонли мактаб ортида, батут маркази ёнида).

Улар ҳар куни соат 18:00 дан 20:00 гача ишлайди.