Пандемия кўп мамлакатлар ижтимоий ҳимоя тизими учун жуда қийин давр бўлди. Иш ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлган даврда кўплаб одамларнинг ижтимоий ёрдам ва хизматларга бўлган эҳтиёжи ошди. Бундан ташқари, ижтимоий ёрдам кўрсатиш механизмлари ижтимоий масофани сақлаш ва инфекция тарқалишини олдини олувчи қўшимча эҳтиёт чоралари қўлланилаётган шароитда ўзгаришларга учради.

Ўзбекистонда кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож одамларга кенг кўламли бир марталик ижтимоий ёрдам март ойида ташкил этилган Инқирозга қарши жамғармасидан кўрсатилмоқда. Унинг ижтимоий соҳага қаратилган харажатлари 11 август ҳолатига 2,56 трлн сўмни ташкил этди, шундан 489 млрд сўм маблағ ижтимоий нафақа тўловларига сарфланди.

Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш учун эҳтиёжмандлар тўғрисидаги маълумотлар киритилган «темир дафтар» рўйхати жорий қилинди. Рўйхат маҳалла қўмиталари раислари томонидан сектор раҳбарлари билан биргаликда шакллантирилади. Масъул шахслар маълумотни «темир дафтар»га электрон шаклда sakhovat.argos.uz сайтида электрон имзо калити ёрдамида киритадилар.

Манба: АОКА.

«Темир дафтар»ни юритишда кам таъминланган оилаларнинг беш тоифаси белгиланди:

  1. меҳнатга лаёқатсиз ва сурункали касаллиги бор оила аъзоларининг мавжудлиги;
  2. ёлғиз, кекса, бева ва кам таъминланган, шунингдек қаровга муҳтож фуқаролардан ташкил топган оилалар;
  3. беш ва ундан кўп болали оилалар;
  4. коронавирус пандемияси мунособати билан киритилган карантин чоралари натижасида ишини ва даромад манбаини йўқотган фуқаролар ҳамда қайтиб келган меҳнат мигрантлари;
  5. камбағал, ёрдамга ва моддий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар.

Нима учун «Темир дафтар»?

Замонавий Ўзбекистонда «темир дафтар» ибораси қарз мажбуриятларини ҳисобга оладиган восита сифатида халқ кундалик ҳаётида мустаҳкам ўрнашган. Қарздорларни «темир» ҳисобга олиш зарурати кўпроқ қишлоқ жойларда, одамлар вақтинча пулсиз бўлганида ва дўкондан озиқ-овқат маҳсулотларини қарзга олишганида пайдо бўлган. Сотувчи «темир дафтар»да айнан қандай маҳсулотлар ва умумий қанча миқдорда қарз олинганлигини ёзиб олган ва қишлоқ аҳолиси ҳосил йиғиб олингандан кейин ёки шароит яхшиланган вақтларда қарзни қайтарган. Қарз қайтарилганидан сўнг, сотувчи қарзни ўчириб ташлаган.

Эҳтимол, «темир дафтар»нинг қарзлар дафтарчаси сифатида пайдо бўлгани каби, ушбу рўйхатнинг номи ҳозирги вақтда кўрсатилаётган молиявий ёрдам келажакда солиқ тўловчилар учун солиқ юкига айланишига ишорадир.

«Музлатгични очинг! Биз сиз томон боряпмиз»

Маҳалла қўмиталари томонидан COVID-19 пандемияси даврида нафақалар ва бир марталик тўловларни тайинлаш учун муҳтожлик текширувларини амалга оширишда инсон омилининг намоён бўлиши ушбу ёндашувнинг самарадорлиги ва бир хиллигига шубҳа туғдиради. Шу билан бирга, моддий ёрдамнинг адолатли тақсимланишининг асосий омили эҳтиёжлик мезонидир.

Оиланинг рўйхатга киритилганлиги унинг карантин даврида бир марталик пул ёрдамини олиш ҳуқуқига эга эканлигини англатади. Aммо маҳалла ходимлари ва сектор раҳбарлари муҳтож оилаларни «темир дафтар»га киритиш учун уйма-уй юрганда қайси аниқ мезонларга асосланиб, аниқлашаётгани номаълумлигича қолмоқда.

Яқинда Тошкентнинг айрим жойларида маҳалла вакиллари оиланинг эҳтиёжмандлигини аниқлаш учун музлатгичлар таркибини уйма-уй юриб, текширувдан ўтказаётгани ҳақида хабар берилди.

Шундай қилиб, кам таъминланган оила ижтимоий ҳимояга муҳтож оиладан нимаси билан фарқ қилади? Рўйхатга киритишда кам таъминланганлик ва ижтимоий ҳимояга муҳтожликни аниқлаш учун ягона, аниқ мезонлар мавжудми ва уларнинг барча ҳолатларда бир хилда қўлланилишининг кафолатлари қандай? Шубҳасиз, тадқиқот иштирокчилари музлатгичлар ва уларнинг таркибидаги нарсалар, телевизор ва бошқалар каби «муҳтожлик мезонлари»ни субъектив талқин қилишлари мумкин.

Шахсий ҳаётга аралашишми?

Музлатгич таркибини кўздан кечириш учун яшаб турган уйга кириш керак бўлса, бу инсон шаъни ва қадр-қимматига тегмайдими? Агар киши маҳалла вакилларини уйга киритишдан бош тортса, айниқса пандемия пайтида, унинг эҳтиёж даражаси аниқланмайдими ва у ёрдамга ҳақиқатдан ҳам муҳтож бўлса, унга рад этиладими? Шу билан бирга, фуқароларнинг шахсий ҳаёти ва турар жойи даҳлсизлиги Ўзбекистон Конституциясининг 27-моддаси билан ҳимоя қилинишини ёдда тутиш муҳим.

Кам таъминланганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг қандайдиррўйхатини «эълон қилиш» ва уни маҳалла қўмитасида осиб қўйиш тўғрими?

Aлбатта, бу ишлар маҳалла фуқаролари мазкур рўйхатга ҳақиқатда ким тушгани ва тушмагани, ким қандай ёрдам олгани билан танишишлари учун шаффофлик нуқтаи назаридан амалга оширилаётгани аниқ. Шаффофликка бўлган бу интилиш тўла асосли намоён бўляпти.

Aммо шуни ёдда тутиш лозимки, эзгу мақсадларда ошкор қилинган «темир дафтар» айрим вазиятларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни стигматизациясига, уни олувчида уят, бошқаларда эса ҳасад ёки бошқа ёмон ҳиссиётларга, шунингдек шахсий маълумотларнинг махфийлигини бузилишига олиб келиши мумкин.

Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, ёрдамга муҳтож одамлар ўзларининг молиявий аҳволини ошкор қилишни истамасликлари мумкин ва бу уларнинг ҳуқуқи.

Пул талон-тарож қилиниши ва коррупция хавфи

Маҳаллаларда ҳали ҳеч қандай ёрдам олмаган кам таъминланган оилалар истиқомат қилиб турганда, нисбатан бадавлат оилалар рўйхатга киритилишида коррупция ҳолатлари бўй кўрсатади.

Фактлар ҳам буни тасдиқлаб турибди: карантин даврида маҳалла фаолияти маҳалла қўмиталари раислари ва ходимлари томонидан кам таъминланган оилалар учун ажратилган нафақа, ишсизлик нафақалари, «Маҳалла» ва «Саховат ва кўмак» хайрия жамғармалари маблағларини ўзлаштириш кўринишидаги қонунбузарлик ҳолатларидан ҳоли бўлмади.

Бундан ташқари, пандемия даврида уйма-уй юриш оқсоқоллар (маҳалла раислари)нинг, шунингдек, ёлғиз кекса одамлар, ногиронлиги бор ёки сурункали касалликлари мавжуд одамларнинг коронавирусга чалиниш хавфини сезиларли даражада ошириши аниқ. Бу Эльмира Боситхонова (ўша пайтда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари бўлган) томонидан мустақил кўнгиллилар гуруҳлари фаолиятини 1 апрелдан тўхтатиш учун фойдаланган айни аргумент эди.

Муҳтожликнинг пасайтирилган мезони

«Темир дафтар» жорий қилингунга қадар баъзи оилаларда 2 ёшгача бўлган бола парвариши учун нафақа, 14 ёшгача бўлган болалар учун нафақа ва кам таъминланган оилалар учун нафақалар олиш имконияти мавжуд эди. Бундай ёрдамни олиш учун оиланинг ҳар бир аъзосининг жами даромади сўнгги уч ойда ўртача энг кам иш ҳақининг 1,5 бараваридан ёки 358 минг сўмдан ошмаслиги керак.

Aгар оиланинг ҳар бир аъзоси даромади 358 минг сўмдан ортиқ бўлса, унда рўйхатдан ўтиш учун ариза Ягона ижтимоий реестрда автоматик равишда рад қилинади.

Манба: АОКА.

Бироқ, кам таъминланганликнинг 358 минг сўм миқдоридаги юқори чегараси оилалар муҳтожлигининг пасайтирилган мезонидир. 2015 йилдан буён Жаҳон банки ўта қашшоқликни кунига 1,9 AҚШ долларига кун кечириш деб белгилаган, бу эса ўз навбатида бир кишининг ойлик даромади 57 долларни ёки 580 минг сўм (ҳозирги валюта курси бўйича)ни ташкил қилиши ўта камбағаллик белгисини англатади.

Натижада, Ўзбекистонда ягона ижтимоий реестрда белгиланган даромадлар мезони глобал қашшоқлик чегарасидан 1,62 баравар кам, бу эса мамлакат аҳолисини ижтимоий нафақалар билан қоплашни сезиларли даражада камайтиради. Демак биз ўта қашшоқликда кун кўраётган оилаларга ёрдам бериш билангина чекланаяпмиз, агар улар маҳалла қўмиталарида барча қоғозбозлик жараёнларидан ўтиб, бир тўда қоғоз тақдим эта олишса албатта.

Яқинда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ҳисоботи кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш бутун мамлакат бўйлаб 61,5 минг оилани қамраб олган жуда кичик дастур эканлигини кўрсатди.

ЮНИСЕФ таҳлиллари яшаш шароити ҳаттоки муҳтожликнинг сезиларли паст мезонига тўғри келаётган 98 фоиз уй хўжаликлари ушбу дастур билан қамраб олинмаганини аниқлади. Бундан ташқари, ЮНИСЕФнинг 2012 йилдаги маълумотларига кўра, оилалар бола парвариши бўйича ўртача 6,7 ой ва болали оилалар учун 4,7 ой давомида нафақа олганлар.

Маҳалла қўмиталари ҳам кам таъминланган оилаларга нафақа тайинлаш учун масъул ҳисобланадилар. ЮНИСЕФ тадқиқотида таъкидланишича, маблағ етишмаслиги ва кам таъминланган оилаларнинг кўплиги сабабли кўплаб кишилар ҳатто COVID-19 пандемияси ва қаттиқ карантин чоралари қўлланилишидан олдин ҳам, яшаш шароити муҳтожликнинг паст мезонлари талабларига жавоб берса ҳам, маҳаллалардаги ижтимоий нафақаларни олиш учун ўз навбатларини кутишга мажбур бўлишган.

Онаси ишламайдиган, 14 ёшгача бўлган иккита вояга етмаган фарзанди бўлган ва оиланинг ёлғиз боқувчиси отасининг ўртача ойлик иш ҳақи 2,3 миллион сўмни ташкил қиладиган оилани оламиз. Бу даромад шунчаки оилага кунига бир киши учун $ 1,9 камбағалликда яшашга имкон беради ва оила даромад мезонларига жавоб бермайди ва болалар нафақасини олмайди.

Вазият Ўзбекистонда истеъмол саватчасининг ва кун кўришнинг минимал ҳажми ҳали расман тасдиқланмаганлиги сабабли янада қийинлашади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган йилнинг ёзида Тошкент ва Фарғона вилоятларида истеъмол саватчаси 650 минг сўмни, кун кўришнинг энг кам ҳажми эса 800 минг сўмни ташкил этган.

Ким ижтимоий ёрдамсиз қолиши мумкин?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг матбуот котиби Саодат Боймирзаева фуқароларнинг саволларига жавоб берар экан, кам таъминланганлар рўйхатида турган ва олдин ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилалар Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги қарорига асосан фақат битта турдаги нафақа ёки моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади. Бошқача қилиб айтганда, улар «темир дафтар»га киритилишга умид қилолмайдилар.

Бундан ташқари, қандайдир сабабларга кўра ўта муҳтож одамларнинг ушбу рўйхатларга киритилмаслиги хатари тўлиқ чиқариб ташланиши ҳалигача аниқ эмас. Масалан, пандемия пайтида улар рўйхатдан ўтган маҳаллада яшамасликлари ёки олти ойдан кам яшаётган бўлишлари, ёки рўйхатдан ўтганлигини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотиб қўйган бўлиши мумкин. Илгари оила олти ойдан кам вақт давомида ётоқхонада яшаганлиги асосида болалар нафақасини тайинлашда шунга ўхшаш рад этиш ҳолатлари юз берган.

Келинг, бошқа содир бўлиши мумкин бўлган вазиятни кўриб чиқайлик. Aйтайлик, ёлғиз она ойига 700 минг сўм иш ҳақига фаррош бўлиб ишлайди. Унинг ногирон боласи бор, у болаликдан 466 000 сўм миқдорида ногиронлик нафақасини олади. Натижада ушбу кичик оиланинг умумий даромади 1 миллион 116 минг сўмни ташкил этади ва ҳар бир оила аъзосига 583 минг сўм тўғри келади.

Май ойидан бошлаб болалар ва набиралари билан яшайдиган бобо ва бувилар учун кексалик нафақаси, шунингдек ногиронлик ва боқувчисидан айрилганлик нафақалари оиланинг умумий даромадига киритилмайди. Ушбу қарор туфайли ҳақиқатан ҳам жуда оз даромадга эга бўлган ногирон боласи бўлган ёлғиз она маҳалла орқали кам таъминланган оилалар рўйхати бўйича моддий ёрдам олиши мумкин.

Маҳалла орқали бўлмаса, унда қайси механизм самара беради?

Бош вазир Aбдулла Aрипов 8 август куни фуқаролар йиғинлари раисларини муҳтож оилаларга бир марталик молиявий ёрдам бериш жараёнини кечиктирганликлари учун танқид қилди. Табиийки, уйма-уй юриш ва тасдиқланмаган, субъектив мезонларга кўра етти тоифадаги оилаларни аниқлашга анча кўп вақт ва куч талаб қилиниши мумкин, шунингдек, штат бирликлари чекланган маҳалла қўмиталари ходимларининг тезкорлиги ва тайёргарлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Маҳалла раислари ва уларнинг ўринбосарлари маҳаллада бўлаётган жараёнлардан хабардор, ташкилотчилик маҳорати, ҳаётий тажрибаси ва аҳоли орасида обрўга эга бўлиши мумкин. Бироқ, улар ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва катталар учун кейс-менежмент кўникмаларига эга маҳоратли ижтимоий ишчилар ўрнини боса олмайдилар. Шунинг учун бу масалада маҳалла воситачилигидан воз кечиш мақсадга мувофиқдир.

Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестрининг янги тизимида (2019 йил 1 октябрдан Сирдарё вилоятида синов тартибида ишлайди, йил охирига қадар бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий этилиши кутилмоқда) фуқаролар шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ёрдамида рўйхатдан ўтишлари ва ижтимоий нафақа олиш учун ариза беришлари мумкин.

Ушбу жараённи рақамлаштириш ортиқча қоғозбозликдан қочиш ва кам таъминланган оилаларнинг даромад даражасини, иш ҳақи ва бошқа ёпиқ шахсий маълумотларини кузатиб бориш имконияти билан муҳтожлик даражасини объектив баҳолаш имконини беради.

Шунга қарамай, 358 000 сўм миқдордаги муҳтожликнинг жуда пасайтирилган чегарасини камбағалликни аниқлашнинг халқаро стандартларига мос келиши учун қайта кўриб чиқиш керак.

Молия вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрининг янги тизимида маҳалла қўмитасининг оила таркибини тасдиқлаш ва фуқаролардан кейинчалик Пенсия жамғармасига ўтказиш учун ҳужжатларни тўплаш вазифаси сақланиб қолмоқда. Шундай қилиб, ижтимоий ҳимоя реестрида рўйхатга олиш жараёнининг дастлабки босқичларида инсон омили чиқариб ташланмайди ва ариза бериш жараёни ҳали ҳам маҳалла вакиллари билан бевосита алоқани талаб қилади.

Уйма-уй юриш натижасида «темир дафтар»га киритилган шахслар ва уларнинг ҳикоялари рўйхатга киритиладими ёки йўқми номаълум бўлиб қолмоқда. Aгар улар бирор бир сабабга кўра «темир дафтар»дан чиқиб кетишган бўлса ҳам, эҳтимол уларнинг иқтисодий ҳолати яқин келажакда жуда заиф бўлиши мумкин.

Реестрни тузишда ҳаммада — маҳаллада, Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликларида, Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида аҳолининг заиф ва моддий ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳар хил рўйхатлари борлигини ёдда тутиш зарур. Уларнинг барчаси ягона реестрга киритилиши керак.

Пандемия натижасида ижтимоий-иқтисодий инқироздан азият чеккан оилаларга бир марталик ёрдам уларга бир муддат ўзини тиклаб олишга имкон беради. Шу билан бирга, маҳалла ва сектор вакиллари бу одамларга қаттиқ карантин чоралари қўлланилганидан сўнг иш топишда ёрдам беришади, аммо паст малакали ва жамоат ишларидан келадиган паст миқдордаги маошнинг оила умумий даромадига кўрсатадиган ижобий таъсири сезиларли бўлмаслиги мумкин.

COVID-19 бизни нимага ўргатди?

Коронавирус пандемияси соғлиқ борасида ҳам, ижтимоий-иқтисодий ҳолат борасида ҳам ҳаммамиз заиф эканлигимизни кўрсатди. Етарлича катта бўлган норасмий секторда меҳнат қилаётганлар ва ўз-ўзини банд қилган ишчилар айниқса заиф бўлиб чиқдилар.

Дастлаб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш деганда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига ёрдам бериш назарда тутилган бўлиб, бу давлатимиз томонидан ижтимоий нафақаларнинг умумий тизимидан кам таъминланган оилаларга манзилли ёрдам бериш — камбағилликка манзилли ёндашиш усулларини жорий этиш учун муҳим асос бўлди.

Aммо, пандемиядан олдин ҳам, ижтимоий нафақа олиш учун камбағалликнинг пасайтирилган чегараси ва қоғозбозлик тўсиқлари кўплаб ҳимоясиз болалар ва катталарни давлат томонидан бериладиган айни ижтимоий ёрдамсиз қолдирди.

Йил бошида Президент Шавкат Мирзиёев парламентга қилган мурожаатида турли ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 12−15 фоизи ёки 4−5 миллион фуқароси қашшоқликда яшаётганини таъкидлади. Ҳозирги инқироз шароитида бу кўрсаткич сезиларли даражада ўсиши мумкин. Бундай вазиятда камбағалликка манзилли ёндашиш маъносиз бўлиб қолади, чунки аҳолининг кўп гуруҳлари у ёки бу ҳолатда бу вазиятдан азият чекиши аниқ ва улар ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин.

Эҳтиёжмандлар учун «темир дафтарни» юритиш оилаларнинг фаровонлигини баҳолашнинг стандартлаштирилмаган, субъектив мезонларига асосланади. Маҳалла қўмитаси ходимлари ва сектор раҳбарлари уйма-уй юриб, аҳоли моддий аҳволини йиллар давомида йиғилган мол-мулкдан (транспорт воситалари, кўчмас мулк объектлари ва ҳ.к) келиб чиқиб баҳолашларига асосланадиган бўлишса, инқироз даврида оиланинг йўқотилган даромадларига етарлича эътибор бермасликлари мумкин.

Келажакда «темир дафтар»да тўпланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар тўғрисидаги маълумот ҳақиқатан ҳам ижтимоий ёрдам олувчиларнинг тарихини акс эттирадиган республика реестрини яратиш учун қандай сақланиши ва ундан фойдаланиш мумкинлигини батафсил ўйлаб кўриш жуда муҳим. Охир оқибат, вазиятни баҳолаш ва одамларга кўрсатилаётган ёрдамнинг самарадорлиги мамлакатнинг ижтимоий хавфсизлик тармоғини ривожлантиришга хизмат қилади.

Муаллифнинг фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Дильмурод Юсупов

Сассекс университети Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти (Буюк Британия).