Тошкент шаҳар Чилонзор туманида ишсизларга тўланиши лозим бўлган жами миқдордаги 36,2 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «К.Х.» МФЙ раиси Н.Р. туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори А.Р. билан олдиндан тил бириктириб, марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатига киритилмаган 26 нафар фуқароларни жамоат ишларига жалб этилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузиш орқали жами 36,2 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан маҳалла раиси Н.Р. ва марказ инспектори А.Р.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в,г» бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.