Бекобод туманида 69,9 млн сўм маблағнинг ноқонуний сарфланиши олди олинди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бекобод тумани бўлими томонидан ўтказилган текширувда, «А» МФЙ раиси Х.Ғ. томонидан ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, ҳақиқатда мазкур маҳаллада яшамайдиган ва нафақага муҳтожи бўлмаган 26 нафар фуқарога жами 101,5 млн. сўм нафақа пуллари тайинлагани аниқланган. Шундан 31,6 млн сўми фуқароларга асоссиз тўлаб берилган.

Шунингдек, ўз вақтида олиб борилган ўрганишлар натижасида 69,9 млн сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олди олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан маҳалла раиси Х.Ғ.га нисбатан Жиноят кодексининг 167 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.