Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сергели туман бўлими ходимлари республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Сергели бўлими мансабдор шахслари умумхалқ хайрия ҳашари ҳисобидан келиб тушган маблағларни талон-тарож қилганини аниқлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Терговга қадар текширув давомида гўёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун совға, моддий ёрдам пуллари берилганлиги ва бошқа ижтимоий ёрдамлар кўрсатилганлиги ҳақида сохта баённомаларни расмийлаштириш орқали 95,8 млн сўм маблағлар талон-торож қилингани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан

Мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Тошкент вилоятида ҳам хайрия жамғармалари маблағларининг талон-тарож қилингани аниқланган эди. Оққўрғон туманида мансабдор шахслар «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Саховат ва кўмак» жамғармасидан эҳтиёжманд оилаларга ажратилган 109,2 млн ва 44 млн сўм миқдоридаги хайрия пулларни ўзлаштириб юборган эди.