Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 август куни «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорни қабул қилди.

Унга кўра, 1 сентябридан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Тажриба тариқасида ушбу тизим 2019 йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятида амалга оширилиб келмоқда (ЮНИСЕФнинг 610 минг долларлик гранти асосида).

Қайд этилишича, сентябрь ойидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида, октябрь ойидан Бухоро, Навоий, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, ноябрь ойидан — Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳамда декабрь ойидан Қорақалпоғистон, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида жорий этилади.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими Молия вазирлигининг вазирлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тегишли бўлиб, «Электрон ҳукумат» тизимининг таркибий қисмидир.

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида жисмоний шахснинг идентификатори ҳисобланади.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаш воситасида ўзаро ҳужжат алмашиш жараёнини автоматлаштириш орқали давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш учун зарур бўлган маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш;
  • белгиланган мезонларга мувофиқ кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш жараёнларини автоматлаштириш орқали қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашувни бартараф этиш;
  • аҳолининг эҳтиёжманд тоифаси таркиби ўзгариши динамикаси мониторинги ва таҳлилини юритиш, уларни баҳолаш мезонларини республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш;
  • давлат ижтимоий хизматлари ва ижтимоий ёрдам олувчиларнинг доимий янгиланиб турадиган ягона маълумот базасини шакллантириш;
  • манфаатдор вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда хизматларни бепул ёки имтиёзли асосда тақдим этиши учун маълумот билан таъминлаш.

Мазкур тизим эҳтиёжманд фуқаролар томонидан мурожаат қилиш жараёнини осонлаштириши кутилмоқда. Ҳозирда бу жараён қоғоз шаклида 10 дан ортиқ турли хил ҳужжатлар ва гувоҳномаларни талаб қилади ҳамда аризани кўриб чиқиш бир ойдан кўпроқ вақтни олади.

1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этишда фуқаролардан 11 та ҳужжат ва маълумотнома талаб этилиши йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, улар ижтимоий ёрдамнинг 7 туридан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган шахслар ёки оилалар қўшимча ҳужжатлар ва маълумотномаларни тақдим этмасдан Давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловидан озод этиш, мактабгача таълим муассасаларида ўрнатилаган миқдорларда ота-оналар тўловини тўлаш, умумий ўрта таълим мактабларида дарсликлар ижара тўловларидан озод этиш, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки кийим-бош бериш, айрим фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган умумий ўрта мактаблар ўқувчиларини овқатланиш харажатларидан озод этиш каби хизматлар ва имтиёзларни ҳам олишга ҳақлидир.

Ижтимойи хизматлар ва ёрдамларнинг тўлиқ рўйхати

Манба: Адлия вазирлиги

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва 12 ой давомида амал қилади.

Ягона реестр ишлаш механизми

Молия вазирлигининг тақдимотига кўра, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимидан фойдаланиш учун, 16 ёшга тўлмаган 10 миллион болага ва биометрик паспорти бўлмаган 42 минг фуқарога Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами киритиш керак бўлади.

Тизим орқали аризани топшириб, керакли маълумотларни киритгандан сўнг, 9 вазирлик ва давлат идораларининг маълумотлар базалари билан электрон маълумотлар айирбошлаш жараёни амалга оширилади.


Манба: Молия вазирлиги

Тизим олинган маълумотлар белгиланган мезонлар ва меъёрлар асосида мурожаат этувчига мустақил равишда ижтимоий нафақа тайинлайди ёки рад этади. Бу ҳақдаги қарор аризачига СМС орқали хабардор қилинади.

Тақдимотда таъкидланишича, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик даромаднинг юқори чегараси 358 минг сўм этиб ўрнатилган. Бунда оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик жами даромад мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги уч ой учун ҳисобланади ва оила аъзолари сонига бўлиш орқали аниқланади.

Аризалар қуйидаги ҳолларда рад этилади:

  • оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромад 358 минг сўмдан ортиқ бўлса;
  • оила таркибида меҳнатга лаёқатли ва меҳнат органларида «ишсиз» сифатида рўйхатда турмаган аъзоси бўлганда;
  • оила аъзоларининг номида охирги 7 йил давомида ишлаб чиқарилган транспорт воситаси мавжуд бўлганда;
  • 2 ёки ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлганда;
  • 2 ва ундан ортиқ кўчмас мулк мавжуд бўлганда.

Манба: Молия вазирлиги