8 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг фаолияти борасида йиғилиш ўтказди.

Ҳукумат раҳбари вазирлик томонидан ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро тартибини кучайтиришда тизимли иш олиб борилмаётганлигини, «Обод Хонадон», «Обод Кўча» ва «Обод Маҳалла» талабларини бажариш бўйича аниқ мезонлар асосида иш кўрилмаётганлигини танқид қилди. Шунингдек, Бош вазир жамоат тартибини ва хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллалардаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича профилактика тадбирларининг етарли даражада ташкил этилмаганлиги, маҳалла раислари ва ходимлари томонидан ижтимоий нафақа ва кам таъминланган оилаларга ажратилган ёрдам пуилини тўлашда қонун ҳужжатлари бузилганлигини таъкидлади.

Абдулла Арипов, шунингдек, кам таъминланган оилаларга республика бюджетидан бериладиган бир марталик молиявий ёрдамни кечиктирган айрим маҳалла раисларининг хатти-ҳаракатларини танқид қилди. У буни ҳеч қандай мезон билан оқлаб бўлмайди дея таъкидлади, тасдиқлади «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси.

Ишдаги камчиликлар учун маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Рахмат Маматов ва унинг ўринбосарлари Азизбек Икромов ва Ботир Парпиевга танбеҳ берилди, дея қўшимча қилди манба.


Раҳмат Маматов, Азизбек Икромов, Ботир Парпиев.

Йиғилишда 39 та маҳалланинг ўз биноси йўқлиги, шу сабабли маҳалла раиси ўз уйидан фаолият юритаётганлиги қайд этилди. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари ушбу маҳаллаларни ҳудудлардаги бўш биноларга жойлаштириш учун ҳеч қандай чоралар кўришмади. Бу нафақат маҳалланинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, балки аҳолига ноқулайликлар туғдирмоқда. Бош вазир бу вазиятни шармандалик деб атади, дея хабар берди Kun.uz.

«Маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг эгаллаб турган вазифасига муносабати қандайлигини шундан ҳам билса бўлади. Гўё уларнинг маҳаллага ҳеч қандай алоқаси йўқ, худдики улар маҳаллада яшамайди. Раис маҳалладошларига ўз уйида хизмат кўрсатса, ўз уйида фуқароларни қабул қилса, ахир бу — шармандалик-ку. Жойлардаги ўз идорасига эга бўлмаган маҳаллаларга замонавий ва барча қулайликларга эга бино қуриб бериш бўйича Қурилиш вазирлигига топшириқ бўлади. Бу масалани тезроқ ҳал қилиш керак», — деди бош вазир.

Эслатиб ўтамиз, Қурбон ҳайити арафасида ҳукумат Қурбон Ҳайити байрами муносабати билан 150 минг муҳтож оилаларга «Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш» жамғармасидан (бир оила учун 1 млн сўм) молиявий ёрдам тўлашини эълон қилди. Бундан ташқари, Президент қарори билан Темир дафтар рўйхатидаги 400 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларда яшовчи 1,7 млн дан ортиқ фуқароларга 380 млрд сўмлик бир марталик ёрдам пули тўланиши кўзда тутилган.

Бироқ, сўнги кунларда ижтимоий тармоқларда пайдо бўла бошлаган хабарларга кўра, аҳолининг тўлов тартибидан норози эканлиги маълум бўлди. Натижада Бош прокуратура молиявий ёрдамни тўлашда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кузатилганлиги ҳақида мурожаат қилиш учун минтақалар бўйича рақамлар рўйхатини эълон қилди.

4 август куни Президент Шавкат Мирзиёев пандемия даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган видеоконференция ўтказди. Давлат раҳбари моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатини тўғри шакллантириш, ажратилган маблағларни адолатли тақсимлаш зарурлигини таъкидлади.

Аввалроқ хабар қилинганидек, 1 сентябридан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Шунингдек, реестр «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими билан маълумот алмашиб боради, бу эса ижтимоий ҳимоялаш масалалари бўйича ариза берувчининг оила аъзолари таркибини аниқлашда ёрдам беради.