Украинанинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мамлакат пойтахтидаги «Леонардо» бизнес марказида жойлашган банкда ходимни гаровга олган ва оёғига бойланган бомба ёрдамида банкни портлатиб юбориш билан таҳдид қилган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкин, дейилмоқда. Бу ҳақда мамлакат ИИВ Антон Герашенко ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, 3 август куни соат 12.00да «Леонардо» бизнес марказида жойлашган «Универсал Банк «ОАЖ вакили полицияга қўнғироқ қилиб, 35 ёшга етмаган номаълум шахс банк офисига кириб, унинг сумкасида бомба борлиги ва зудлик билан полицияни чақиришни сўраган.

Банк ходимлари бинони тарк этишган, аммо бўлим бошлиғи ўз хоҳиши билан қолгани маълум қилинди. Ҳозирда мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ушбу шахс билан музокаралар олиб бормоқда.

«Дастлабки маълумотларга кўра, террорчилик актини амалга ошириш билан таҳдид қилган шахс — 1988 йил 25 мартда туғилган Каримов Сухроб Раҳмонович, Ўзбекистон фуқаросидир. Унинг ижтимоий тармоқларидаги постларига кўра, у психологик хаста (руҳий саломатлаги жойида бўлмаган — таҳр.) шахс», — деб ёзди Герашченко ўзининг Facebook-даги саҳифасида.

Киевдаги банкдаги бомба (портлаш) билан таҳдид қилган ҳужумчи унга жонли эфирга чиқиш ва ОАВ билан мулоқот обориш учун имконият берилишини талаб қилган.

РБК нашрининг хабар беришича, таҳдидчини қўлга олишдан олдин унга Украинанинг ZIK телеканалига жонли эфир билан чиқишга рухсат берилган, лекин телеканал овози очириб қўйилган.

Украина хавфсизлик хизматининг тезкор гуруҳи таҳдидчини қўлга олгани ва унга қарши ЖКнинг «Тероризм» моддаси билан жиноят иши очилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни Украинанинг Луцк шаҳрида қуролланган шахс 20 га яқин йўловчиси бўлган автобусни 12 соатга яқин гаровда ушлаб турганди. Шунда мамлакат президенти Володимир Зеленский босқинчининг талабини бажаргандан сўнг гаровга олинганлар озод этилиб, босқинчи қўлга олинганди.