21 июль куни эрталаб Украинанинг Луцк шаҳрида қуролланган шахс 20 га яқин йўловчиси бўлган автобусни гаровга олди, дея хабар берди «Интерфакс-Украина».

Эрталаб ўзини Максим Плохой деб таништирган шахс полицияга қўнғироқ қилиб, қуроллангани ва автобусни гаровга олганини айтади. Шундан сўнг гумондор билан музокаралар бошланди. Бунда полициянинг асосий мақсади гаровга олинганларни озод қилиш бўлгани маълум қилинади. Украина Хавфсизлик хизмати «Бумеранг» режасини татбиқ этиб, шаҳар марказини ёпди.

Украина президенти Володимир Зеленский тезкор олинганларни озод этиш бўйича тезкор тадбир бошланганини эълон қилиб, вазиятни шахсан ўзи назорат остига олганини қайд этиб ўтди.

Украина ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашенко босқинчи Максим Плохой Россиянинг Оренбург вилоятида туғилган Максим Кривош эканлигини маълум қилди. У Илгари икки марта судланган ва бир қатор оғир жиноятлар содир этгани учун 10 йилгача қамоқ жазосини ахлоқ тузатиш муассасаларида ўтаган.

Босқинчининг талаблари Twitterда ва YouTube ижтимоий тармоқларида пайдо бўлди, дея УНИАН нашри хабар берди. Видеода қуролланган шахс барчани «тизимга қарши кун» билан табриклади ва Украинани «биринчи террорчи» давлат деб атади.

У судьялар, вазирлар, прокурорлар, парламент аъзолари ва олигархлардан, шунингдек, черков раҳбарларидан баёнот билан ўзларини «қонун доирасидаги террорчилар», деб аташни талаб қилди. Агар бу талаб бажарилмаса, у автобусни ва Луцк шаҳрида яширилган бошқа бомбани портлатиш билан қўрқитган.

Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, у босқинчи билан бир неча дақиқа суҳбатлашган, у президентга ҳам бир қатор талаблар қўйган. Талабга кўра, давлат раҳбари барчани «Ер аҳолиси» — одамлар томонидан ҳайвонларни эксплуатация қилиш муаммоси ҳақидаги ҳужжатли фильмни томоша қилишга чақирадиган видеомурожаатни ёзиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириши керак эди. Зеленский, ўз ўрнида, босқинчига унинг талаби бажарилишидан аввал уч кишини озод қилиш талабини қўйган. Президент босқинчининг талабига бўйсуниб, уни бажарди ва гаровга олинганлар озод қилингандан сўнг, ушбу видеомурожаат ўчириб ташланди.

Маълум қилинишича, босқинчи 12 соат давомида автобусни гаровда ушлаб турди. Гаровга олинганларни озод қилиш тадбири чоғида БТР автобусга яқинлашгач, кўплаб ўқ овозлари эшитилгани қайд этилади.

Таъкидланишича, гаровга олинганлар қўйиб юборилгач, эркак қўлга олинган. Украина президенти Володимир Зеленский гаровга олинганларни озод қилиш пайтида қурбонлар бўлмаганини тасдиқлади.

Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков босқинчининг шериклари борлигини айтди. «Унинг шериклари ҳибсга олинган, улардан бири Харковда, у ерда патрон ва портловчи моддалар топилган», — деди вазир брифингда.

Украина Хавфсизлик хизмати «террорчилик ҳаракати» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди.