Ўзбекистонда ҳали ҳам ётоқ-жойлар ва дори-дармонлар захираси ҳали ҳам мавжуд, деди 9 июль куни бўлиб ўтган брифингда коронавирусга қарши курашиш штабининг вакили, профессор Хабибулла Оқилов.

Аввалроқ, у стационар касалхоналарда жойлар қолмаганлигини, шунингдек, асоратларсиз беморларга уйда ва меҳмонхоналарда даволанишга рухсат берилганлигини маълум қилган эди.

«Айтганларимнинг ҳаммаси рост. Ва мен сўзларимни рад қилмайман. Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб ҳукуматимиз барча мажбуриятларни бажариб келмоқда. Тайёрланган дори-дармонлар захиралари, ётоқ-жойлар. Биз агар статистика ҳозиргидек давом этса, захиралар етарли бўлмай қолиши мумкинлигини айтмоқчимиз. Аммо ҳозир шароитлар етарли», — деди Хабибулла Оқилов 9 июль куни бўлиб ўтган брифингда.

Аввалроқ, штаб вакили агар ҳар куни 1000 тадан COVID-19 касаллиги аниқланса, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими қулаши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Хабибулла Оқиловнинг таъкидлашича, шифохоналарнинг коронавирус беморларини даволаниш учун қайта жиҳозланиши натижасида бошқа сурункали касалликларга чалинган беморлар даволана олмаслиги оқибатида беморлар вафот этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча 10 июлдан 1 августгача карантин чекловлари кучайтирилиши эълон қилинди. 8 июль куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинганлар, даволанганлар ва ўлим кўрсаткичлари рекорд натижани 422 ҳолатни ташкил этди.