5 июлдан бошлаб Ўзбекистонда коронавируснинг енгил кўриниши мавжуд бўлган беморларда касаллик асоратлари кузатилмаган ҳолда, шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ва парвариш учун зарур шартларга мувофиқ ҳолда уйда даволанишга рухсат берилди. Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти ректори, профессор Хабибулла Оқилов «Газета.uz»га уйда даволанаётган беморларнинг кузатуви қандай ташкил этилиши, қачон касалхонага ётқизилиши кераклиги ва улар билан бирга яшаётган қариндошларнинг нима қилиши лозимлиги ҳақида сўзлаб берди.

- Асоратларсиз беморлар уйда қандай даволанади?

- Бу ерда даволаниш эмас, балки уй шароитидаги кузатув назарда тутилмоқда. Биз буни таклиф қилганимизда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қандайдир дориларни бериш керакдир, деб ҳисоблади. Аммо биз касаллик мутлақо асоратларсиз кечаётган беморлар ҳақида гапираяпмиз. Бунда бемор фақат кузатувга муҳтож, дори-дармонлар орқали даволаш талаб қилинмайди.

Керак бўлган ягона нарса — аниқ мониторинг. Енгил асоратлар пайдо бўлса ҳам, буни ўтказиб юбормаслик… Бизнинг ҳозирги асосий муаммомиз шундаки, одамлар баъзи бирламчи аломатлар кузатилаётган шароитда, ўз-ўзини даволашга ҳаракат қилишмоқда, бу мутлақо нотўғри.

Биринчи аломатлар — ҳид ва таъм сезишнининг йўқолишидир, бу аломатлар хавотир сигнали бўлиши керак. Йўтал — бу ҳам сигнал. Ҳарорат — хавфли сигнал: оилавий шифокорингизга ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигининг call-марказига қўнғироқ қилиш керак. Бу, айниқса, вазни юқори бўлган, сурункали касалликлар, диабет, гипертония, қон касаллиги, юрак уриш ритмининг бузилиши бўлган кишиларга тааллуқлидир.

- Беморлар уйда айнан қандай назорат қилинади? Аввалроқ, Эркин Мусабаев қўнғироқлар қилиш варианти ҳақида айтган эди.

— Албатта. Бу энг асосий талаб. Биз ҳозирда буларнинг барчаси қайд этилган қоидаларни ишлаб чиқдик ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига тасдиқлаш учун тақдим этишимиз керак.

Ушбу қоидага кўра, оила шифокорлари кунига камида бир марта уйда кузатув остида бўлган беморларга қўнғироқ қилишлари керак. Асосий саволлар:"Ҳаммаси яхшими? Ҳарорат кўтарилиши йўқми? Йўталмаяпсизми? Нафас олишда қийинчиликлар йўқми?" бўлади.

- Хўш, бемор қандай ҳолатда касалхонага ётқизилиши керак?

— Коронавируснинг бирон бир аломати мавжудлиги касалхонага ётқизи ш учун сабаб ҳисобланади. Бошқа ҳар қандай юқумли касалликдан фарқли ўлароқ, COVID-19 асоратлари тез пайдо бўлади. Оддий шамоллашда пневмониягача 7−10 кун ўтиши мумкин, бу ҳолатда эса биринчи аломатлардан 2 соатдан 4 соатгача вақт ичида икки томонлама пневмония бошланиши мумкин.

Бундан ташқари, пневмония икки томонлама, кучли, чунки у бактериал эмас, балки кимёвий (вирусли). Бу билан ҳазиллашиб бўлмайди деб ўйлайман.

- Шифокорлар қўнғироқ қилишлари керак бўлган беморларнинг рўйхатини қаердан олишади?

— Беморда коронавирус аниқлангандан кейин Санитария-эпидемиологик осойиштарлик агентлиги ПЗР таҳлилидан (полимераза занжири реакцияси — таҳр.) ижобий жавобини олади. Улар беморни зудлик билан рўйхатга олишлари ва яшаш жойидаги оилавий клиникани хабардор қилишлари шарт.

- Коронавирус хусусий тиббий муассасада синовдан ўтганда аниқланса, нима қилиш керак?

— Хусусий клиникалар COVID-19 бўйича ижобий таҳлилни аниқласа, ушбу маълумотларни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига юбориши керак. Агар аломатлар бўлмаса, беморни уйда қолдириш мумкин. Агар аломатлар бўлса, унда уни касалхонага ётқизиш керак бўлади.

— «Оддий» пневмонияни коронавирусдан қандай ажратиш мумкин?

— Биринчидан, анамнестик маълумотлар орқали. Агар анамнез тўғри тўпланса (тиббиёт тарихи — таҳр.), унда оддий пневмонияни коронавирусдан фарқлаш мумкин. Бунинг учун тўғри анамнез тўпланилиши керак — бошланганидан бери қанча вақт ўтди, контактлар борми-йўқми, одам «қизил» зоналарга ташриф буюрдими ёки йўқми, у оғир эпидемиологик вазиятдаги мамлакатдан келганми, эҳтимол бир ҳафта олдин шамоллагандир, ҳеч қандай контактлар бўлмаган бўлса ҳам…

Бундан ташқари, рентгенологик сурат фарқлаш учун аҳамиятлидир, чунки оддий пневмония ва коронавирус пневмониясининг рентгенографияси умуман фарқ қилади.

Аслида, биз коронавирус билан оғриган беморларни даволайдиган клиникаларда одатий рентген аппаратлари мавжуд, аммо компьютер томографияси (КТ), магнит-резонанс томографияси (МРТ) ёки мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ) мавжуд эмас. Назарий жиҳатдан, беморларга МСКТ қилиш керак ва расмда ҳаммаси дарҳол аниқланади. Уларни МСКТ имконияти мавжуд бўлган клиникаларга ётқизиш яхшироқ бўлар эди, аммо бизда ҳамма клиникаларда ҳам бундай нарса йўқ.

Аммо ҳозир клиникалар имкон қадар жиҳозланган — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор. Барчаси МРТ, МСКТ сотиб олишмоқда. Юқумли касалликлар клиникаларига дастлаб ушбу жиҳозлар керак эмас эди, чунки улар асосан вирусли, бактериал инфекциялар, диарея, дизентерия, салмонеллез ва гепатитни даволашган. Бу ташхисларнинг барчасида МСКТ деярли керак бўлмайди. Шунинг учун ушбу шифохоналар улар билан жиҳозланмаган. Вирусология илмий-тадқиқот институтида ҳеч қачон МСКТ бўлмаган, чунки бунга зарурат йўқ эди.

Воҳидов жарроҳлик марказида, шошилинч тиббий ёрдам марказида, Федорович клиникасида МСКТ бор, аммо у ерларда юқумли касалликлар беморлари ҳеч қачон ётқизилмаган. Бу стационар ускуналар, шунинг учун уни осон кўчириш мумкин эмас. Ҳозирда биз одатий рентген текшируви ёрдамида муваффақиятли ишламоқдамиз.

- Махсус комиссия қарорида, шунингдек, шифохонада ва уйда даволанган, клиник белгилари бўлмаган ҳолатдаги енгил коронавирусли беморлар 10 кун ичида тиббий назоратдан олиниши қайд этилган. Беморларни кузатиш вақтини қисқартиришнинг сабаби нимада?

— Биз буни камайтиришга қарор қилганимизнинг сабаби, агар 10 кун ичида аломатлар бўлмаса, улар энди кўринмайди ва беморни кузатувдан олиш мумкин. Ўн кун, ва кейин у юқумли эмас.

Ўн тўрт кун — бу карантинга тегишли. Бу ерда эса биз ПЗР таҳлилининг натижалари ҳақида гапирмоқдамиз. Биз таҳлил ўтказган кундан бошлаб. ЖССТнинг таъкидлашича, етти кундан кейин бемор юқумли эмас. Касаллик давом этса ҳам, ҳеч қандай юқиш ҳавфи йўқ. Биз хафсизлик учун буни 10 кунгача узайтираяпмиз.

- Агар асоратларсиз бемор уйда кузатиб турилса, қариндошлар нима қилишлари керак? Улар ҳам уйда бўладими?

— Назарий жиҳатдан, агар уйда алоҳида қурилиш, меҳмон уйи имконияти бўлса, у ҳолда, албатта, оила аъзоларидан алоҳида туриши керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, у ҳолда, қоида тариқасида, касал одам билан бир квартирада бўлган барча оила аъзолари аллақачон асоратларсиз коронавирус беморлари каби даволаниши керак.

- Беморларнинг қариндошлари касаллик юқтирмасликлари учун уй анжомларидан қандай фойдаланиш бўйича алоҳида тавсиялар мавжудми?

— Албатта. Ҳар бир нарса хавфсиз ҳолатга келтирилиши керак — чойшаб, идишлар, агар иложи бўлса, алоҳида ҳожатхона, ҳаммом, ювиниш хонаси.

Иложи бўлса, бир марта ишлатиладиган идишлардан фойдаланинг. Агар бир марта ишлатиладиган идишларга тўлиқ ўтиш имкони бўлмаса, унда бемор учун алоҳида идишлар ажратиш керак. Уни камида 70 даража ҳароратда тозалаш керак бўлади. Идишларни одатий шароитда ювиш коронавирусни ўлдирмайди.

- Агар уй шароитлари қариндошларга касаллик юқишининг олдини олиш учун тўғри келмаса, асоратларсиз беморлар ҳали ҳам уйда изоляция қилинадими ёки улар касалхонага ётқизиладими?

— Агар уйда имконият бўлмаса, уларни касалхонага ётқизиш керак. Ёки махсус комиссия томонидан тасдиқланган меҳмонхоналар рўйхати мавжуд, уларга меҳмонхона шароити ҳам тўғри келади. Аммо меҳмонхона шифокори назорати остида.

- Агар беморни даволаш бўйича тасдиқланган протоколлар, тавсиялар мавжуд бўлса, нега улар оммага эълон қилинмайди?

— Коронавирусни даволаш протоколлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан таклиф қилинади ва кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади. Биз ушбу протоколларнинг барчасини тасдиқладик ва ЖССТ томонидан янги тавсиялар келиши билан мунтазам равишда янгилаб турамиз. Бу стационар беморларга тааллуқли.

Яна бир бор такрор айтмоқчиманки, биз уйда бўлаётган симптомларсиз беморларни даволаш ҳақида гапирмаяпмиз, биз кузатиш, мониторинг ҳақида гапираяпмиз.

Энди биз протоколларни кўрсатма сифатида алоҳида нашрдан чиқарамиз… Улар тасдиқланган, тайёр. Биз уларни нашр этамиз.


Хабибулла Оқилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида, 5 июлдан бошлаб вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига ПЗР ва эксперт-референс таҳлиллар қилиш учун рухсат берилганлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу Тошкентдаги навбат билан боғлиқ муаммони ҳал қилишга ва натижаларни кутиш вақтини қисқартиришга имкон беради.

«Бу ҳам янгилик, чунки Тошкентда навбатлар пайдо бўлади. Агар ПЗР таҳлили учун 6−8 соатгача вақт талаб қилинадиган бўлса, унда навбат сабабли жавобни 2−3 кун кутиш керак бўлади. Биз бу масалани ҳал қиламиз», — деди у.

Бундан ташқари, ушбу ҳафтадан коронавирусга қарши антитаначаларни аниқлаш учун иммунофермент таҳлилларини олиш ишлари бошланади. Ушбу жараёнда хусусий тиббиёт ташкилотлари ҳам иштирок этмоқда.