Респубика махсус комиссияси қарорига кўра, 10 июлдан 1 августга қадар Ўзбекистонда каратин чекловлари кучайтирилади. Бу ҳақда Koronavirus Info расмий канали хабар берди.

Қарорга биноан, республика миқёсида:

  • автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чекланади;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.
  • давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказишни тақиқлаш, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказилади.
  • ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатновини тақиқланади (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно);
  • томоша, маданий-кўнгилочар, оилавий, тўй ҳамда бошқа маросимлар, оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқланади;
  • 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланишини чекланади.

Ушбу давр мобайнида қуйидаги объектлар фаолияти тўхталиди:

  • парклар ва истироҳат боғлари;
  • буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;
  • спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар;
  • ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;
  • умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона), етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно.
  • санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари.

Бундан ташқари, халқаро авиақатновлар хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилади. Халқаро юк ташувларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари мажбурий тартибда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест топширади.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Санитария- эпидемиология назорати давлат инспекцияси икки кун муддатда республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш тартиби юзасидан асослантирилган таклиф киритиши айтилган.