Май ойида UZCARD ва HUMO карталари орқали 10 трлн сўмдан ортиқ тўловлар амалга оширилди. Бу ҳақда Марказий банк тегишли тўлов тизимлари фаолияти ҳақидаги таҳлилий шарҳида тақдим этди.

1 июнь ҳолатига Ўзбекистонда 5 та тўлов тизими фаолият юритаётган бўлиб, шулардан 3 таси Марказий банк тўлов тизимлари (Банклараро тўлов тизими, Ҳисоб-китоблар клиринг тизими ва Тезкор тўловлар тизими) ва қолган 2 таси («UZCARD» ва «HUMO» тўлов тизимлари) белгиланган тартибда Марказий банкдан лицензия олган хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобланади.

Шунингдек, 1 июнь ҳолатига Марказий банк томонидан 8 та юридик шахсга тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилган бўлиб, булар қуйидагилар: «Сlick» МЧЖ, «BRIO GROUP» МЧЖ, «INSPIRED» МЧЖ, «National Innovative Payment Technologies» МЧЖ, «PAYBOX» МЧЖ, «Maroqand» МЧЖ, «MILLIY POCHTA TO’LOVLARI» МЧЖ ва «International Eco Pay» МЧЖ.

UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари

Қайд этилишича, 2019−2020 йиллар январь-май ойлари давомида банк карталари орқали амалга оширилган транзакциялар суммаси барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлган. Бунда, ҳисобот даврида UZCARD ва HUMO карталарининг тўлов тизимлари орқали жами 28 трлн сўмдан зиёд тўловлар амалга оширилган.

Марказий банкнинг шарҳига кўра, май ойини ўзида 10,6 трлн сўмга яқин тўловлар банк картали орқали бажарилган, бу эса 2019 йилдагига нисбатан қарийб 38 фоиз зиёдроқни ташкил этди.

Манба: Марказий банк

Карантин талаблари юмшатилиши натижасида банк карталари орқали амалга оширилган транзакциялар ҳажмининг ортиши, жумладан, нақд пул маблағлари ечилишининг 51,3 фоизга ва нақд пулсиз транзакцияларнинг 22,6 фоизга ортиши кузатилди.


Манба: Марказий банк

1 июнь ҳолатига мамлакат миқёсида банк инфратузилмалари, аҳоли гавжум бўладиган ва туристлар кўп ташриф буюрадиган объектларга ўрнатилган банкоматлар сони 5 512 тани ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли 2,8 баробарга кўпдир.


«Кўп функцияли банкоматлар тармоғининг кенгайиши натижасида инфокиоскларга талаб камайиб, уларнинг ўрнини банкоматлар эгалламоқда», — дейидади шарҳда.

Шунингдек, 1 июнь ҳолатига жойларда ўрнатилган тўлов терминаллари сони 422 894 тани ташкил этган бўлиб, бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар ортганлигини кузатишимиз мумкин.


Банк карталари инфратузилмасини кенгайтириш доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 1 июнь ҳолатига муомалага қарийб 22,4 млн дона банк карталари чиқарилиб (шундан HUMO тўлов тизими карталари 4,2 млн дона), бу кўрсаткич йил бошига нисбатан 1,8 млн донага кўп.

Марказий банкнинг Банклараро тўлов тизими

Марказий банкнинг Банклараро тўлов тизимига банклараро тўловларни амалга ошириш мақсадида республикадаги барча 31 та тижорат банки тўлов тизими иштирокчилари сифатида уланган. 2020 йилнинг январь-май ойларида Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга камайган бўлса-да, транзакциялар суммаси эса 38 фоизга ошган.


Манба: Марказий банк

«Мамлакатимизда жорий этилган карантин чораларининг Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларга таъсири транзакциялар сонининг камайишида ўз аксини топди. Яъни хўжалик субъектларининг иқтисодий фаоллиги камайганлиги билан изоҳлаш мумкин», — дея таъкидлади Марказий банк тақдим этган шарҳда.

Хусусан, 2020 йилнинг май ойида 4,0 млн та транзакциялар амалга оширилган бўлиб, бу кўрсаткич 2019 йилнинг май ойига нисбатан 55 фоизга камроқни ташкил қилди.


Манба: Марказий банк

Шунингдек, мазкур тўлов тизими орқали транзакциялар суммасининг ортиб бориши, банк карталари орқали бажарилган операцияларнинг якуний ҳисоб-китоблари ҳамда масофавий тизимлардан фойдаланадиган хўжалик субъектларининг Тезкор тўловлар тизими орқали ўтказилган тўловларининг клиринг сессиялари Банклараро тўлов тизими орқали бажарилиши билан боғлиқлиги таъкидланди.


Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими

Тезкор тўловлар тизими тижорат банклари мижози бўлган юридик шахслар ва юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи мижозларига масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали тўловларни туну кун 24/7 режимида (шанба ва якшанба кунлари ҳам) амалга ошириш имконини беради. Мазкур тизим орқали тўловларни амалга оширишнинг мижоз учун муҳим жиҳатларидан бири — тўловларнинг тижорат банклари ходимларига боғлиқ бўлмаган ҳолда автоматик тарзда амалга оширилишидир.

2020 йил февраль ойининг иккинчи ярмида ишга туширилганига қарамасдан, ушбу тизим орқали амалга оширилган транзакциялар ҳажми 2020 йилнинг май ойида 6,1 трлн сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич олдинги ойга нисбатан қарийб 2,3 баробар кўпдир.


Манба: Марказий банк

Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими

Маълумот учун, Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали коммунал ташкилотлар, Молия вазирлиги Ғазначилигига тўланадиган бюджет тўловлари, солиқ ва божхона тўловлари, нотариат ва ФҲДЁ тўловлари, Ички ишлар вазирлигига тўланадиган жарима тўловлари, Давлат хизматлари агентлиги хизматлари тўловлари, UzAuto Motors автомашиналари учун тўловлар, кадастр хизматлари учун тўловлар, шунингдек, мобил алоқа, интернет-провайдерлар каби 35 та хизматлар учун тўловчини хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг биллинг тизими орқали аниқ идентификация қилиш орқали тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш ва акс эттириш имконияти яратилган.

Тақдим этилган таҳлил кўра, 2017−2020 йилларнинг январь-май ойлари давомида қабул қилинган тўловлар йилдан-йилга ўсиш тенденциясига эга бўлиб, 2020 йилнинг январь-май ойларида қабул қилинган тўловлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41 фоизга ошди.

«Шу билан бирга, 2020 йил январь-май ойларида Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали қабул қилинган тўловлар суммасининг 36 фоизи UzAuto Motors, 21 фоизи Ғазначилик тўловлари, 10 фоизи Ўзтрансгаз тўловлари, 8,1 фоизи Ўзбекэнерго тўловлари, 5,1 фоизи солиқлар ва йиғимлар, 4 фоизи Адлия вазирлиги хизматлари тўловлари, 3,8 фоизи ЙҲХББ жарима тўловлари ҳиссасига тўғри келди», — маълум қилинади шарҳда.


Манба: Марказий банк

Замонавий ва инновацион тўлов услублари

«Ўзбекистон Республикасида рақамли банкингни ривожлантириш Концепцияси»га мувофиқ, Марказий банк томонидан QR-код орқали тезкор тўловни амалга оширишнинг «QR-online» стандартлаштирилган ва универсал тизими жорий йилнинг март ойида ишга туширилди.

Мазкур тизим доирасида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари (хўжалик юритувчи субъектлари) ўзларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари орқали QR-кодни шакллантириб, рўйхатдан ўтказадилар. Харидорлар томонидан банкларнинг мобиль илова дастурлари воситасида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг QR-кодларини сканер қилиш («ўқиш») орқали тўловлар амалга оширилади.

Ҳозирги кунда ушбу тизимни Тошкент шаҳрида татбиқ этиш доирасида тижорат банклари томонидан 3,4 мингдан ортиқ хўжалик субъектларининг савдо ва хизмат кўрсатиш пунктлари уларга тегишли «QR-online» тизими стикерлари билан таъминланди.

Тўлов хизматлари бозорида «QR-online» тизимининг тўлиқ ишга туширилиши кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, Марказий банкнинг асосий стратегик мақсадли йўналишларидан бири бўлган тўлов тизими барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк май ойида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 1,2 млрд АҚШ долларини ташкил этгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, май ўртасида Uzcard тўлов тизимининг таъсисчиси ўзгаргани ҳақида хабар бергандик.