2020 йилнинг май ойида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий хажми 1,2 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу эса апрель ойига нисбатан 1,1 баробарга пастроқ, дея маълумот берди Марказий банк. Ички валюта бозоридаги ушбу ҳолат хўжалик юритувчи субъектлар валютага бўлган талабнинг мўътадиллиги ва жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича талаб ва таклифнинг нисбатан барқарорлашиши билан изоҳланади.

Ички валюта бозори сегментлари кесимида чет эл валютасига бўлган талабнинг ўзгариш динамикаси (млн АҚШ долларида)

Юридик шахслар билан амалга оширилган операциялар

2020 йилнинг май ойи давомида юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб жорий йилнинг ўтган ойлари даражасида сақланиб қолди ва 1 025 млн долларни ташкил этди.

Жумладан, ҳисобот ойида биржадан ташқари валюта бозорида хўжалик субъектлари томонидан 258 млн доллар миқдорида чет эл валютаси сотиб олинган бўлса, валюта биржасидаги операциялар ҳажми 767 млн долларни ташкил этди.

Январь-май ойларида биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар ҳажми динамикаси (банкларнинг юридик шахслар билан тўғридан-тўғри операциялари)

Валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш мақсадлари таркибида асосий улуш (63%) ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 21% — халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 13% — хорижий кредитларни сўндириш ва қолган 3% — бошқа мақсадлар учун харид қилинган.

2020 йилнинг май ойида ички валюта бозорида чет эл валютасини харид қилган хўжалик юритувчи субъектлар сони 5 823 тани ташкил этиб, апрель ойига (4 971 та) нисбатан 852 тага кўпайди.

Жисмоний шахслар билан амалга оширилган операциялар

Жорий йилнинг май ойида жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 354 млн долларни ташкил этиб, апрель ойига нисбатан 2,1 баробарга ошди (2020 йилнинг апрель ойида — 172 млн доллар). Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан 217 млн доллар сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич апрель ойига ($321 млн) нисбатан 32 фоизга пасайди.

Ҳисобот ойи давомида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 485 млн долларни ташкил этиб, апрель ойи кўрсаткичига нисбатан 1,9 баробарга ёки 235 млн долларга ошди.

Январь-май ойларида жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган операциялар ҳажми

Чет эл валютаси таклифи

Май ойида ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 892 млн долларни (Марказий банкнинг интервенцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этиб, апрель ойига нисбатан 1,1 баробар ошди.

Ички валюта бозоридаги таклиф манбалари

Ушбу даврда Марказий банкнинг валюта интервенциялари олтин-валюта заҳираларининг нейтраллиги принципига асосланган ҳолда амалга оширилди. Бунда Марказий банк томонидан сотилган чет эл валютасининг соф ҳажми январь-май ойларида сотиб олинган монетар олтин ҳажми доирасида бўлиши таъминланди.

Январь-май ойларида валюта биржасида амалга оширилган операциялар ҳажми (млн доллар)

Январь-май ойида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 56 фоизни, хорижий валютадаги ўз маблағлари улуши 20 фоизни ташкил этди.

2019−2020 йилларнинг январь-май ойлари давомида импортни молиялаштириш манбалари

Алмашув курси динамикаси

Ҳисобот даврида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг жорий нисбатидан келиб чиқиб, ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланди. Хусусан, жорий йил май ойи давомида миллий валюта курси 0,15 фоизга қадрсизланди (10 133 сўм/доллардан 10 148 сўм/долларгача).

Январь-май ойлари давомида валюта биржаси савдоларида сўмга нисбатан АҚШ долларининг динамикаси (сўм/доллар)