«Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖнинг (Uzcard бренди) таъсисчилари таркибида ўзгариш бўлди. Бу бўйича маълумот Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги тадбиркорлик субьектлари ҳақидаги маълумотлар бўлимида берилган.

Порталда Uzcard нинг устав фондидаги 75 фоиз улуш Турсунов Ойбек Ботировичга тегишли эканлиги кўрсатилган. Олдинроқ 75 фоиз улуш, Uzcard директори Махмудов Ахрор Аброровичга тегишли эди. Қолган 25 фоиз эса МЧЖнинг ўзига тегишли.


2020 йил 14 май ҳолатига кўра таъсисчилар таркиби.

«Газета.uz» Uzcard директори Ахрор Махмудовдан изоҳ ола олмади.

«Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги» қонунга кўра, жамият иштирокчилари бошқа иштирокчи томонидан сотилаётган улушни (улушнинг бир қисмини) имтиёзли сотиб олиш бўйича ўз ҳуқуқларидан фойдаланмаган тақдирда, жамият ушбу улушни (улушнинг бир қисмини) сотиб олиш бўйича имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.


2020 йил 13 май ҳолатига кўра таъсисчилар таркиби. Фото: bankers_uz / Telegram.

Ўтган йилнинг август ойида 95 фоиз акциялар Ойбек Турсунвога тегишли бўлган Promadik Invest компанияси «Капиталбанк»нинг 36 фоиз акциясини сотиб олганлиги ҳақида маълумот берилган эди.