Тошкент вилоятининг Қибрай туманида чет эллик инвесторлар учун Invest Village шаҳарчаси қурилади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 18 апрелдаги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Инвесторлар учун шаҳарча «Тузель» қишлоқ фуқаролар йиғини Тинчлик кўчасида барпо этилади. 2012 йилда 40 гектарлик ушбу ер участкаси мева, резавор мева етиштириш ва узумчиликни ривожлантириш учун Super Garden 49 йил муддатга ажратилган эди. Бироқ балл бонитети пастлиги — 53,2 балл — сабабли ер участкасини қишлоқ хўжалиги тоифасидан аҳоли пункти тоифасига ўтказишга рухсат берилди.

Ҳужжатга кўра, лойиҳа Super Garden томонидан Туркиянинг Toleza Tekstil тўқимачилик компанияси билан биргаликда амалга оширилади. Invest Village шаҳарчасига 25 млн доллар сармоя киритиш режалаштирилган бўлиб, ушбу маблағнинг 20 млн доллари турк компаниясининг тўғридан-тўғри инвестицияси, 5 млн доллари эса Super Garden маблағлари ҳисобланади. 100 та ишчи ўрни ташкил этилиши кутилмоқда.

Шаҳарча 2021 йилда фойдаланишга топширилиши лозим. Қурилган уйларнинг 5 фоизини Тошкент вилояти ҳокимияти олади.