Коронавирус аниқланган бемор юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

14 апрель куни Наманган шаҳрида яшовчи Ш. юрак ишемик касаллиги, гипертония иккинчи даражаси, атеросклеротик кардиосклероз, икки томонлама пневмония ва ўткир нафас етишмовчилиги ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда «Covid-19» коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган. 73 ёшли (эркак) беморнинг шу кунгача кунлик аҳволи тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган.

Бироқ кардиолог, вирусолог, пульмонолог, терапевт, реаниматологларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ўзбекистонда вафот этган коронавирус беморлари сони 6 нафарга етди.