Туман (шаҳар) ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги экин турларини ва етиштириладиган маҳсулот прогноз кўрсаткичларини маҳалла фуқаролар йиғини кесимида белгилашни назарда тутувчи қарорлари қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг 14 апрелдаги қарорида бу ҳақда сўз боради, дея хабар қилди Адлия вазирлиги.

Туман (шаҳар) ҳокимлари қарорларида, шунингдек, томорқасига экин экмаган ер эгасига ер солиғини оширилган ставкада қўллаш масалалари назарда тутилади.

Ҳукумат қарорига кўра, томорқа ер участкаларига сув етказиб бериш мақсадида суғориш қудуқларини қазиш лойиҳаларига экологик экспертиза хулосаси ва гидрогеологик хулосалар бепул берилади.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларига ихтиёрий асосда бириктирилади.

Кластер ва кооперацияларга бириктирилган деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларига президентнинг тегишли қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.

Шунингдек, экин экмаган томорқа ер эгаларини маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 8 апрелда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида томорқаларни дронлар ёрдамида мониторинг қилиш, огоҳлантиришдан кейин ҳам томорқасига экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўллашга кўрсатма берган эди.