Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда давлат раҳбари Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Хабарда қайд этилишича, бунинг учун барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши керак.

Видеоселекторда томорқасидан унумли фойдаланмаётган хонадонлар билан бирма-бир ишлаб, томорқа майдонларига бозорбоп экинлар экилишини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Президент бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2−3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади. «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ҳар бир сектор ҳудудида камида 100 тадан хонадонда 1−1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ҳокимлар билан биргаликда сув таъминоти яхши бўлмаган маҳаллаларда артезиан қудуқлар қазиб, ҳосилдорликни ошириш вазифаси қўйилди.

«Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак», — дейилади хабарда.

Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.

Бу борада мутасадди раҳбарларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш топширилди. Томорқалар ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.