Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича шошилинч чора-тадбирларга 100 млн АҚШ доллари жалб қилинади. Бу ҳақда молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Айни пайтда Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон банки ушбу чора-тадбирларни назарда тутган лойиҳани тезкор молиялаштириш масаласини ишлаб чиқмоқда. Лойиҳа иккита компонентдан ташкил топади.

Биринчи компонент бўйича Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш ва уларнинг салоҳиятини ошириш учун 29,5 млн доллар ажратилади. Ушбу маблағлар санитария-эпидемиология идоралари учун тиббий жиҳозлар, шахсий ҳимоя ва алоқа воситалари ҳамда 15 та лаборатория учун диагностика тест тизимлари, зарур материаллар, тест ўтказиш учун зарур ускуналар харид қилинади.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси қайд этилган оғир ва ўта оғир аҳволда беморларни даволаш учун сунъий нафас олдириш аппаратлари, портатив рентген аппаратлари ва бошқа керакли тиббиёт ускуналарини харид қилиш кўзда тутилмоқда. Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва коронавирус хавфи бўйича тарғибот ишларини олиб бориш ҳам режалаштирилган.

Иккинчи компонент кесимида жисмоний шахслар ва уй хўжаликларини қўллаб-қувватлашга 69,5 млн доллар ажратилиши мўлжалланмоқда. Ушбу компонент доирасида кам таъминланган, 2 ёшгача ва 2−14 ёшгача фарзанди бўлган кам таъминланган оилалар учун тўланадиган нафақа олувчилар сони ошади. Ушбу нафақаларни олувчилар доимий равишда қайтадан рўйхатдан ўтиши бўйича талаблар вақтинча бекор қилинади.

Мазкур маблағлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган ишсиз фуқароларга ишсизлик нафақасини тўлашга ҳам йўналтирилади. Бундан ташқари, иш берувчиларга иш ҳақини тўлаш учун вақтинчалик субсидиялар ажратилади. Бунинг натижасида иш берувчилар ходимларни бўшатмасдан ёки қопланмайдиган меҳнат таътилига чиқаришдан бошқа имкониятларга эга бўлишади.

Лойиҳани бошқариш, таҳлил қилиш ва унинг ижросини мониторинг қилишга эса 1 млн доллар йўналтирилади.

Умумий қиймати 100 млн долларга тенг бўлган лойиҳа учун маблағнинг бир қисми Жаҳон банки томонидан ажратилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа яқин кунларда маъқулланиши кутилмоқда. Шундан сўнг уни тавсифловчи ҳужжатлар эълон қилинади.