Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар қилди.

Ташкилот матбуот хизматининг хабар қилишича, мутахассис йўл қўйилган камчиликлар учун узр сўраб, Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг янги раҳбариятига омад тилади.

«Ўтган вақт давомида мамлакат футболини ривожлантириш йўлида қўлимиздан келганча ишладик. Мана шу даврда елкама-елка меҳнат қилган жамоамизга ўз миннатдорчилигимизни билдираман. Машаққатли йўлда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг янги раҳбариятига куч-қувват, омад ва зафарлар тилайман. Иш бор жойда албатта хато ва камчиликлар ҳам бўлади. Бунинг учун мамлакат футболи жамоатчилигидан, футбол мухлисларидан узр сўрайман. Ўзбекистон футболи ва унинг мухлислари катта ғалабаларга муносиб. Ҳаммаси учун раҳмат», — деди Омон Ғофуров ўз аризаси ҳақида маълумот берар экан.

Омон Ғофуров (1984 йилда туғилган) ПФЛга 2017 йилнинг октябридан раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Аввалроқ ЎФА президенти ўринбосарлари — Бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Тошматов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфога чиққан эди. Ҳакам Равшан Эрматов ҳамда ИИВ раҳбари ўринбосари Муҳиддин Жўраев вице-президент в. б. этиб сайланди.