Олий Мажлис Сенати пайшанба куни 18-ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги қонунни маъқуллади, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Қонун президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонунлар нормаларини битта ҳужжатга бирлаштиради, шунингдек фуқароларнинг эркин овоз бериш ҳуқуқларини таъминлашни кафолатлайди.

Кодексни ишлаб чиқишда 20 дан ортиқ давлат, жумладан Франция, Голландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларус ва Озарбайжон тажрибалари, шунингдек халқаро сайлов стандартлари, жумладан ЕХҲТ ДИИҲБ тавсиялари ва Венеция комиссияси таклифлари ўрганилди.

Сайлов кодексида Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг умумий сони сақлаб қолинди — 150 ўрин, бунда Экологик ҳаракат вакиллари учун квота ўринлари бекор қилинди.

Ҳужжатда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва енгил жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг сайловларда иштироки бўйича чеклов бекор қилинди.

Ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига номзодларни илгари суриш тартиблари бекор қилинмоқда. Шундай қилиб, фақатгина сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят. Туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодларни илгари суриш ҳуқуқига эга бўлади.

Қонунчилик даражасида Ўзбекистон сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиблари ишлаб ишлаб чиқилмоқда. Натижада сайловчи фақат битта рўйхатдан жой олиб, «бир сайловчи — бир овоз» тамойилининг амалга оширилиши кафолатланади. Мажлисда қайд этилганидек, сайловчиларнинг электрон реестри 1 апрелга қадар шакллантирилади.

Сайлов бюллетенида сайловчи овоз бераётган номзод фамилиясининг қаршисига битта эмас, балки учта белгидан: «+», «√» ёки «Х» қўйиши мумкинлиги белгиланди.