Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрида Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Унда «Siemens», «Thyssenkrupp», «Volkswagen», «Knauf», «Claas», «MAN», «Deutsche Bahn», «Linde Group», «Falk Porcshe Technik», «Atlas International», «Tenova», «Giesecke & Devrient», «Papenburg», «Euler Hermes», «Deutsche Bank», «Commerzbank» каби Европа ва жаҳон бозорининг етакчи компаниялари, молиявий тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда бугунги кунда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган қатъий янгиланиш ва ислоҳотлар, айниқса, иқтисодиётнинг эркинлаштирилаётгани мамлакатимизнинг изчил ривожланиши ва аҳоли фаровонлигининг юксалиши учун шарт-шароит яратаётгани таъкидланди.


Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун қулай имкониятлар яратилаётган алоҳида қайд этилди. Уларнинг фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнес ривожи йўлидаги тўсиқлар бартараф этилди, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезиларли қисқартирилди.

Хорижий инвесторлар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида, амалга оширилаётган ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, долзарб масалалар, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Эксперт кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларини ушбу кенгаш фаолиятида фаол иштирок этишга таклиф қилди.