Ўзбекистон ва Венгрия 14 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган бизнес форумда 46,5 млн долларлик олтита битимни имзолади, дея хабар қилди Ўзбекистон инвестициялар бўйича давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Навоий вилояти ҳокимияти ва Hunland компанияси йирик шохли чорва молларини етиштириш бўйича 30 млн долларлик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолади.

Венгрия ва Ўзбекистон агромутахассислари экишга мўлжалланган сабзавот уруғларини етиштириш бўйича корхонани ташкил этишга жалб этилади. Agrologistics Central Asia ва Szentesi-Mag компаниялари ўртасида 10 млн долларлик шартнома имзоланди.

Hamkorbank, Andijan Exclusive Invest ва InnovaSter-Trade компаниялари бодринг, томат, маккажўхори ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш бўйича 3 млн долларлик битимни имзолади.

Golden Lake Fish ва Hun-bas Invest компаниялари Тўдакўл кўлида балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш учун 1,6 млн долларлик мажмуани қуриш бўйича битим имзолади.

Бундан ташқари, Andijan Exclusive Invest ва Budagep компаниялари ўртасида шоколад маҳсулотлари учун меваларни қайта ишлаш бўйича ускуналарни етказиб бериш бўйича 300 минг долларлик шартнома имзоланди.

«Ўзшаробсаноат», «Шохруд» ва Hun-bas Invest корхоналари 1,6 млн долларга эман бочкаларини ишлаб чиқариш бўйича корхона ташкил этиш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

2019 йил 5−6 март кунлари Будапештда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтади.