18−21 ноябрь кунлари Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Д.Назармухамедов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Интерпол Бош Ассамблеясининг 87-сессиясида қатнашди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Тадбирда Интерполга аъзо давлатлардан ташриф буюрган 1000 дан ортиқ делегатлар ҳамда полиция органларининг 85 нафар турли даражадаги раҳбарлари иштирок этди.

Унда Жиноят қидирув полициясининг халқаро ташкилоти (Интерпол)нинг Бош котиби Юрген Шток сўзга чиқиб, турли таҳдидлар ва хавфлар мавжуд бўлган ҳозирги пайтда мазкур ташкилотнинг ўрни тобора ортиб бораётганини айтиб ўтди.

Бош Ассамблея иштирокчилари кун тартиби лойиҳасини тасдиқлагач, тадбир ўз фаолиятини бошлади. Даставвал режалаштирилган жадвалга мувофиқ, 18 ноябрь куни Ассамблея доирасида делегациямиз раҳбари, генерал-майор Д.Назармухамедов билан Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазири, шайх Саиф бин Зайед Ал Нахайан олий ҳазратлари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Ал Нахайан Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Араб Амирликлари учун дўст ва қардош мамлакатлар эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбир чоғида Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Д.Назармухамедов республика ИИВ томонидан давлатлар ички ишлар органлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик асоси сифатида Ўзбекистон ИИВ ва Бирлашган Араб Амирликлари ИИВ ўртасидаги ҳамжиҳатлик тўғрисидаги Меморандум лойиҳаси тайёрланиб, шайх Ал Нахайан томонидан маъқуллангандан сўнг, Бирлашган Араб Амирликлари ИИВ Протокол хизмати раҳбари Саид Ал Найимига топширилганини қайд этди. Учрашув якунига кўра, томонлар ҳамкорлик борасида бир қатор келишувларни қабул қилишди.

Шу куни делегацияси аъзолари БАА ИИВ Бош инспектори, генерал-майор Аҳмад Носир ал-Раиси билан учрашди. БАА делегацияси раҳбари Интерпол Ижроия қўмитаси сайловларида унинг номзодини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ИИВга миннатдорлик билдирди ҳамда Интерпол Ижроия қўмитасидаги фаолияти давомида Ўзбекистоннинг барча таклифлари ва келгусидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўз ўрнида, Д.Назармухамедов жиноятчиликка қарши курашиш ва шахсларни қидиришда мамлакатнинг ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган кўмак учун ташаккур билдирди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари бир қатор яқин ҳамда узоқ хориж мамлакатларидаги ҳамкасблари билан учрашиб, ўзаро ишчан ва самарали музокаралар олиб боришди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ташаббуси ва таклифи билан Интерпол Бош котиби Юрген Шток билан икки томонлама учрашув ташкил этилди.

Интерпол Бош котиби давлатимиз делегацияси аъзоларини Интерполнинг бир қатор тадбирларини, жумладан, семинар ва тренингларни ўтказишга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Суҳбат давомида томонлар Интерпол олдида турган долзарб вазифаларни муҳокама қилинди.

Тадбир кун тартибига кўра, делегация раҳбари Туркия ИИВ делегацияси раҳбари Ички ишлар вазирининг ўринбосари Мехмет Эрсой билан ҳам учрашди. Дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтган суҳбат жараёнида томонлар терроризм ва экстремизм, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ахборот алмашинуви, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш ҳамда қидирув фаолияти соҳасида томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва уни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.