Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан спорт жиҳозлари ва инвентарларини харид қилишда шаффоф тизим яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар орасидан энг илғор ва сифат кўрсаткичи юқори бўлганларини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 7 сентябрь куни Тошкентдаги Таэквондо WTF ассоциациясининг залида кўргазма ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилда республикамиздаги спорт иншоотлари учун Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 90 турдаги 30 млрд. сўмлик спорт жиҳозлари ва инвентарларини харид қилиш режалаштирилмоқда. Уларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан сотиб олиниб, ғолибларни аниқлашда шаффоф ва адолатли тизим йўлга қўйилади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, спорт соҳаси вакиллари ва барча қизиқиш билдирганлар мазкур кўргазмада иштирок этишлари мумкин.