Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси январь-июнь ойларида 17,7 млрд АҚШ долларини, шу жумладан экспорт 7,8 млрд ва импорт 9,9 млрд долларни ташкил қилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси.

Ярим йил давомида ташқи савдо айланмаси салдоси минус 2,1 млрд долларни ташкил этди. Экспорт таркибида энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 78,5%га ўсиши табиий газнинг 1,9 мартага ошгани ҳисобига тўғри келмоқда. Кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар эса 5,3% га ўсди, шундан пластмасса ва пластмасса буюмларининг экспорти 18,7%га ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 73,4%га ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмининг 58,9%га ўсишига олиб келди.

Импорт таркибида асосий улуш машина ва асбоб-ускуналар (умумий импорт ҳажмида 33,8%) ва кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (11,5%) ҳисобига тўғри келмоқда.

Экспорт таркибининг умумий ҳажмидан 30,8%ни (2,4 млрд доллар) хизматлар ташкил қилди, бунда транспорт хизматлари 10,5%ни ва сафарлар 18,4%ни ташкил қилди.

МДҲ давлатлари орасида Россия, Қозоғистон, Беларус, Украина, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари ташқи савдо айланмасида асосий ҳамкорлар ҳисобланиб, уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 28,4%ни ташкил қилди, бошқа давлатлар орасида Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Афғонистон, Германия, АҚШ, Латвия, Эрон, Франция давлатлари ҳисобланиб, уларнинг улуши 33,8%ни ташкил қилмоқда.

Импорт тузилмасида асосида улуш машина ва ускуналар — 33,8% (3,3 млрд доллар) ва хизматлар — 24,3% (2,4 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келди. 1,1 млрд долларлик (11,5 фоиз) кимё маҳсулотлари ва буюмлари импорт қилинган. Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 845,1 млн доллар (8,6 фоиз), қора ва рангли металлар — 782,8 млн доллари (7,9 фоиз), энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари — 487,5 млн доллар, бошқа маҳсулотлар эса 889,5 млн долларни ташкил этди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 463,2 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 73,3 фоизлик ўсиш кузатилди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 51,9 фоизи Қозоғистон, 15,2 фоизи Россия, 8,6 фоизи Қирғизистон, 5,5 фоизи Афғонистон, 4,1 фоизи Хитой, 3 фоизи Вьетнам, 2,1 фоизи Туркия, 1,8 фоизи Покистон ва 1 фоизи Эронга экспорт қилинган.

Тўқимачилик маҳсулотларининг умумий экспортдаги улуши 8,4 фоизни ташкил этди. Ярим йил давомида 652 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,7 фоизлик ўсиш қайд этилди.