Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси 1245 нафар ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилди, дея хабар берди ДСҚ матбуот хизмати «Газета.uz"га. бу Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси тугатилгани билан боғлиқ.

Бошқарма фаолиятини тугатиш Ўзбекистон президентининг 26 июндаги давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган бўлиб, мазкур қарор коррупциявий жиҳатларга барҳам бериш мақсадида қабул қилинди.

Бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг 26 июндан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш мақсадида барча турдаги солиқ текширувларини ўтказишни тақиқлаш, ҳатто тадбиркорлик субъектлари билан мулоқотга чиқишни ҳам махсус кўрсатма юборилганига қадар тақиқлаш ҳақидаги топшириғи эълон қилинган эди. Матбуот хизмати мазкур топшириқнинг тўғри эканини тасдиқлади.

«Биз коррупция ҳолатлари бўлмаслиги, ишдан бўшатилган ходимлар тадбиркорлар билан мулоқотга чиқмаслиги учун барча текширувларни тўхтатдик. Собиқ ходимлар тадбиркорлар билан мулоқот қилиши мумкин, уларни ярим йил-бир йил ҳеч ким текширмайди. Шунинг учун биз расман ҳеч ким тадбиркорларни текшириши ва улар фаолиятига аралашмаслигини расман эълон қилдик», — дея маълум қилди ДСҚ матбуот хизмати.

Қўмита барча тадбиркорларни ўзини солиқ органлари ходими деб таништирган ва тадбиркорлик фаолиятига аралашган, пул талаб қилган ёки «ҳомийлик» қилишга ваъда берган шахслар учраган тақдирда, (+99871) 244−98−98, 244−98−00, 244−98−71 телефон рақамларига ёки 1198 ишонч рақамига қўнғироқ қилишга чақирди.