Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, мудофаа вазири, генерал-полковник Чан Ваньцюан Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди.

20 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Чан Ваньцюанни қабул қилди. Учрашувда икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳолати ҳамда истиқболлари, шунингдек минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Худди шу куни Хитой делегациясининг Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан ҳам учрашуви бўлиб ўтди. ЎзАнинг хабар қилишича, учрашувда ҳарбий, ҳарбий-техник ва ҳарбий таълим соҳаларидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Хитой Халқ озодлик армияси Миллий мудофаа университети ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

ХХР мудофаа вазири пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйди.

Ташриф дастури доирасида Хитой делегацияси аъзоларининг мамлакатимиз ҳарбий қисмлари ва муассасаларида учрашувлар ўтказиши ҳамда Самарқанд шаҳрининг қадимий тарихий ёдгорликлари билан танишиши кўзда тутилган.