Бир қанча Молдова ва Украина фуқаролари Ўзбекистон ҳудудида бўлиб туриш қоидаларини бузгани сабабли мамлакатдан чиқариб юборилди, дея хабар қилди Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси «Газета.uz"га.

Чет эл фуқаролари Чилонзор туманидаги «Абу Сахий» бозоридан турли буюмлар, жумладан ошхона анжомлари, идиш-товоқ комплектлари ва бошқа товарларни арзон нархларда харид қилиб, сўнгра уларни одамларга гавжум бўлган бозорлар, супермаркетлар яқинлари ва турар-жой мавзеларида Европада ишлаб чиқарилган, деб сотиш билан шуғулланган.

Молдова фуқаролари Александр Плешко, Александр Чеботарь, Михаил Чеботарь, Николай Шербан, Василе Шербан, Вадим Шарбан ва Моисеи Преида ҳамда Украина фуқароси Максим Раду Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддаси 1-қисми бўйича Ўзбекистон ҳудудида бўлиб туриш қоидаларини бузганлиги сабабли мамлакатдан чиқариб юборилди.

Худди шундай қоидабузарлик учун Матфей Ненит, Михаил Ненит, Еримиа Кир ва Никита Радуканга нисбатан Олмазор туман маъмурий ишлар бўйича суди томонидан давлат ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.